16:25 / 06.05.2016
6887

O‘zLiDeP томонидан кроссфит бўйича мусобақа ўтказилди

O‘zLiDeP Чилонзор туман Кенгаши ҳамда “New Realtor” МЧЖда фаолият юритаётган бошланғич партия ташкилоти томонидан Яккасарой туманида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан гимнастика, оғир ва енгил атлетика элементларини ўзида жамлаган замонавий спорт тури бўлмиш кроссфит бўйича мусобақа ташкил этилди. 

Мазкур тадбир жисмонан ва маънан соғлом, ҳеч кимдан кам бўлмаган, ўзига ишонган баркамол ёш авлодни, Ватан тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган, келажаги буюк давлатни барпо этишга қодир бўлган ёшларни тарбиялашга кўмаклашиш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, мамлакатимизда барча спорт турлари қаторида кросфит турини ҳам оммалаштириш мақсадида ташкил этилиб, мусобақада кўплаб ёшлар катта қизиқиш ва шижоат билан иштирок этишди.

— O‘zLiDeP янги ғоялар ва янги ташаббусларни қўлла-қувватловчи партия сифатида аҳоли ўртасида оммалашиб бормоқда. Буни янги спорт тури сифатида оммалашиб бораётган кроссфит бўйича ташкил этилган мусобақа мисолида ҳам кўриш мумкин, - дейди O‘zLiDeP Чилонзор туман Кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Мухсинов. — 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этиши мумкин бўлган мазкур мусобақада куч, чидамлилик, тезлик, аниқлик ва эгилувчанликни талаб қилинади. Бир нечта спорт машқларини ўзида мужассам этган бугунги беллашувда ёшларимиз жуда катта ғайрат билан иштирок этишди. Улардаги шижоат, матонат шундан далолат берадики, аждодлардан меърос қолган мардлик, жасорат, ҳалоллик каби ҳислатлар миллий қадрият сифатида таълим-тарбия жараёнларида ёшларимизнинг онг ва қалбига чуқур сингдириб борилмоқда.

Уч босқичда ўтказилган мазкур мусобақа алоҳида спорт байрами сифатида қарши олинди. Иштирокчилар ҳар турда 5 та бир-биридан қизиқарли бўлган атлет машқларини зўр иштиёқ билан бажариб, ўзаро беллашишди.

Бугунги тадбир менда ўзгача таасурот уйғотди, - дейди мусобақа ғолиби Камил Бурханов. —Ёшларни бирдамликка, аҳилликка чорловчи мазкур мусобақанинг тош кўтариш, арқон тортиш каби машқлари ўз имкониятларимни янада яхшироқ намоён қилиш имконини берди. Натижада ҳакамлар ҳайъати томонидан юксак баҳоландим ва 1-ўринни қўлга киритдим. Кўп сонли ёшларнинг вакили сифатида шуни айтмоқчиманки, партиямиз томонидан мана шундай тадбирлар, мусобақалар кенг кўламда, тез-тез ўтказиб турилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки, бундай беллашувлар биз ёшларни янада соғлом, баркамол бўлиб вояга етишимизга ҳамда жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллаб, юртимиз тинчлиги ва равнақига муносиб ҳисса қўшишимизга хизмат қилади.
Ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, ўз халқи, юрти билан фахрланиш туйғуларини камол топтириш, уларнинг бугунги кунга ва келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш O‘zLiDeP олдида турган муҳим вазифалардан бири саналади. Зеро, келажаги буюк давлатимизни, кучли фуқаролик жамиятини айнан ана шу – ҳар тамонлама баркамол ривожланган, интеллекутал салоҳияти юксак, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбияланган, мамлакатимизни модернизация қилиш ва замонавий демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган ёшлар барпо этади.

Тадбир сўнггида фаол иштирок этган қатнашчилар парятининг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва дипломи билан тақдирланди. Кўпчилик ёшларнинг таклифини инобатга олган ҳолда мазкур мусобақани ҳар йили республикамизнинг барча ҳудудларида кенг кўламда ўтказишга келишиб олинди.
O’zLiDeP Матбуот хизмати.

Top