Спорт | 20:13 / 06.05.2016
5024
2 дақиқада ўқилади

VI Умумармия ўйинларининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди

Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида спортнинг ҳарбий-амалий ва Олимпия турлари бўйича VI Умумармия ўйинларининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.  
  
Ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мазкур мусобақалар ҳарбий соҳадаги муҳим спорт воқеаларидан биридир. Унда ҳарбий округлар, бирлашма ва олий ҳарбий таълим муассасаларидан қатнашадиган жамоалар кўпкураш, ҳарбий ва офицерлар учкураши, ўқ отиш, тош кўтариш, бадминтон, регби, бокс бўйича биринчилик кубоги ҳамда совринли ўринлар учун ўзаро беллашмоқда.
  
Ҳарбийларнинг регби бўйича баҳслари томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Мусобақа якунига кўра, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг “Баркамол” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. 
  
Пистолет ва автоматдан отиш беллашувида Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети жамоаси, офицерлар учкурашида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ жамоаси ғалаба қозонди.           
  
Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти спортчилари эгаллади. 54178-ҳарбий қисм жамоаси иккинчи, Шарқий ҳарбий округ жамоаси учинчи ўринни банд этди.