WSJ: General Motors ва Lyft ҳайдовчисиз электротакси устида ишламоқда
Американинг General Motors компанияси ва Lyft таксига онлайн буюртма бериш хизмати бир йил мобайнида АҚШ йўлларида ҳайдовчисиз электромобилларни синовдан ўтказмоқчи. Гап Tesla Motors ва Google компанияларининг шундай лойиҳалари чўққига чиққан вақтдаги такси хизматининг янги намунаси ҳақида бормоқда, деб аниқлик киритган Wall Street Journal газетаси.
Бир неча ойлар муқаддам, General Motors компанияси Lyft’га 500 млн. доллар сармоя киритган ҳамда Сан-Франциско (Калифорния штати)да жойлашган Cruise Automation компаниясини 1 млрд. доллар эвазига харид қилмоқчи бўлган эди. Сўнгги фирма, 2 йилдан бери ҳайдовчисиз электрокар технологиялари устида изланишлар олиб боради. GM айни шу технологияларни ўз ишлаб чиқаришига жалб этишни кўзламоқда.
"Биз Cruise ва GM билан биргаликда ўзиюрар автомобиль технологиясини ишлаб чиқиб, кейинчалик бозорга чиқаришни хоҳлаяпмиз. Шаҳарликлар ҳам бизнинг мақсадларимизни тўғри тушунишларини истаймиз", - деб Lyft савдолар бўйича директори Таггарт Мэттисен сўзларини келтиради газета.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирча синовлар ўтадиган шаҳар танланмаган. Аммо таксомотор хизмати мижозларига Chevrolet Bolt’нинг ҳайдовчи ёки ҳайдовчисиз намунаси таклиф этилиши аниқ.
Бундан аввал, Google вакиллари компания ўз электромобилини ишлаб чиқаётганини маълум қилган эди. Уларнинг айтишича, 2017 йилгача тайёр бўладиган транспорт воситаси компьютер ёрдамида ҳайдовчисиз бошқарилади.
Electrek интернет нашри ҳам Tesla Motors’нинг собиқ вице-президенти Крис Порритт Apple корпорациясига ишга ўтганини маълум қилган эди. У "Титан" номли электромобиль ишлаб чиқариш лойиҳасини бошқаради.
Wall Street Journal маълумотларига кўра, Apple раҳбари Тим Кук "Титан"ни 2019 йилда намойиш этишни режалаштирган. Аммо бу вақтга келиб Apple ушбу машинанинг барча синов жараёнларидан ўтган тайёр кўриниши эмас, балки прототипини ишлаб чиқишга улгурса керак, деб хулоса қилади нашр.