“Тилла занжир ишқибозлари”нинг кирдикорлари фош бўлди
1976 йилда туғилган Фарҳод Суяров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва 1990 йилда туғилган Салим Аширов ва Муҳсин Рауповлар ўзаро тил бириктириб пул топишнинг антиқа режасини туздилар. Бунга кўра ушбу гуруҳ аъзолари Фарҳод бошқарувчидаги оқ рангли “Спарк” автомашинасининг олд ва орқа давлат рақами белгиларини ечиб олиб “нишонга олинган мижоз”ни бўйнидаги тилла занжирини юлиб қочиб, рақамсиз машинага ўтириб воқеа жойини тарк этиш каби кўплаб жиноятларни содир этиш билан машғул бўлдилар. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.
Бир сафар Олмазор туманидаги икки нафар аёлнинг бўйнига чанг солиб занжирни юлиб қочганча машинага ўтириб жуфтакни ростладилар. Эртаси куни Салим Фарҳод бозори яқинида бир нотаниш аёлга ўғриланган занжирни ўзимники деб 1200000 сўмга сотиб пулини Муҳсин билан тенг бўлиб, Фарҳод акасига машина учун 50000 сўм пулни ташлаб ўтди.
Олмазор тумани “Ҳувайдо” тўйхонасидан чиққан аёлни уйига киришга 50 метр ҳам қолмаган эдики, Муҳсин орқа томондан келиб аёлнинг бўйнидаги занжирини юлиб олиб қочди. “Ўлжа”нинг пулини, яъни 2500000 сўмни тенг учга бўлиб, пулни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишди.
Улар Олмазор туманидаги Қорақамиш 2-4 даҳаси орқали Тараққиёт кўчаси бўйлаб машинани бошқариб кета туриб Салим йўл четидан кетаётган аёлга кўзи тушди. Муҳсин эса аёлнинг бўйнидаги тилла занжирни юлиб машинага чопиб келиб ўтириб, тезроқ ҳайдашни буюрди. Салим машинани КҲАЙ бўйлаб бошқариб, Нурафшон кўчасига етмасдан маҳалла ичига кириб, бир четга тўхтаб, машинанинг давлат рақамларини тақиб яна йўлида давом этди. Шу куннинг ўзида тилла занжирни 1500000 сўмга сотиб, ҳар иккиси тенг яримдан бўлишиб, машина учун Фарҳодга ҳам 100000 сўм пулни машина билан бирга олиб келиб беришди.
Бир сафар улар куч ишлатиб, “Нексия” русумли автомашина эгасидан 4500000 сўм пулни олиб ҳам қўйишади.
Бироқ “Ҳаром луқма ош бўлмас”, деганларидек. Тутқич бермас бебошларнинг бу қилмишларига ҳам осойишталик посбонлари томонидан чек қўйилди. Тергов давомида эса бу жиноий гуруҳнинг барча кирдикорлари бирма-бир фош этилди.