Жаҳон | 15:38 / 11.05.2016
9688
2 дақиқада ўқилади

Лондон осмонида бирйўла икки самолётни чақмоқ урди

27 апрель куни Лондон осмонида бирйўла икки самолётга чақмоқ зарба берди. Бу эпизодлардан бири ердан туриб кузатаётганлар томонидан видеотасвирга олинган.

BBC хабарига кўра, чақмоқ British Airways авиалайнери ва Icelandair авиакомпаниясига қарашли самолётга зарба берган. Самолёт йўловчилари журналистларга ёрқин чақмоқни кўрганликлари ҳамда баланд товуш эшитганликларини сўзлаб беришди. Шунга қарамай самолётдаги йўловчиларнинг ҳеч бирига зиён етмаган.

Аслида самолётларни чақмоқ уриши - камёб ҳодиса эмас. 

"Чақмоқ кўпинча қўнишни ёки учишни амалга ошираётган бир неча самолётларни бирйўла уради", - деди АҚШ фуқаролик авиацияси федерал бошқармасининг вакили Жим Питерс Livescience нашрига.

Статистикага кўра, ҳар бир йўловчи ташувчи самолёт 3 000-10 000 парвоз соатларида бир марта чақмоқ зарбига дуч келади. Бу ўртача авиалайнерни уч йилда камида бир марта чақмоқ уради деганидир. 

"Йўловчиларни шовқин ёки чақмоқ хавотирга солиши мумкин, бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам улар хавфсизликда бўлишади", -деди Питерс. 

Йўловчиларнинг хавфсизлиги самолётларнинг конструкцияси билан кафолатланади, чунки улар чақмоқ зарбига бардошли қилиб лойиҳалаштирилади.