13:51 / 11.05.2016
3896

Сеулда Invest in Uzbekistan бизнес-форуми ўтказилди

Сеулда (Корея Республикаси) Корейс биржаси билан ҳамкорликда Invest in Uzbekistan Халқаро бизнес-форуми ўтказилди.

Давлат Рақобат қўмитаси матбуот хизматининг маълумотларига кўра, форум ишида Жанубий Корея Ҳукумати, Корейс фонд биржасининг 200дан ортиқ раҳбар ҳамда етакчи корейс компанияларининг вакиллари иштирок этишди. 
Қатнашчилар орасида Samsung, LG, Lotte Group, Hyundai, Daewoo Pasco, Kogas, Hanjin, Shingdong компаниялари, корейс банклари ва бошқалар бор эди. 

Форумни очган Корея бош вазир ўринбосари Ё Иль Хо етакчи Корея компанияларини "Дунёнинг энг тез ривожланаётган барқарор иқтисодиётини йўлга қўйган Ўзбекистон"ни фаол инвестициялаштиришни таклиф қилди. У "сўнгги 10 йил ичидаги глобал инқирозга қарамай ўзбек иқтисодиётининг йилига 8 фоизга ўсаётганлиги"ни алоҳида таъкидлади. У Ўзбекистон Кореянинг Евроосиё ташаббусини амалга ошириш доирасидаги асосий минтақавий ҳамкори экапнлигини билдириб, кейинги ҳамкорлик учун 4та устувор йўналишни таклиф қилди:

1) ўзаро савдо-сотиқнинг ўсишига йўл очувчи аэропорт ва транспорт коммуникацияларининг қурилиши ва модернизациялаштирилишига доир лойиҳаларни ўз ичига олган транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш;
2) энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш, углеводород хом-ашёсини чуқур қайта ишловчи ва қуёш энергетикасининг ривожлантиришга оид лойиҳалар;
3) тез ривожланаётган мамлакатлар билан инновацион-креатив ҳамда технологик ҳамкорликни кенгайтириш, улар орасида Ўзбекистон энг асосий ва ишончли ҳамкор ҳисобланади;
4) минтақада ўзаро фойда ва ишонч принципларига асосланган  ҳамкорликнинг ривожланиши ва мустаҳкамланиши.

Форум давомида Ўзбекистон вакиллари Кореянинг ишбилармон доираларига республика корхоналари акцияларини инвестициялаштиришнинг истиқболли имкониятларини тақдим этишди. 
Бизнес форум доирасида етакчи корейс компаниялари ва республикамизнинг акционерлик жамиятлари ўртасидаги музокаралар якуни бўйича келишув битимларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Top