Жаҳон | 16:57 / 12.05.2016
21488
2 дақиқада ўқилади

Дунё шаҳарлари ҳавоси тобора ифлосланиб бормоқда

Дунё шаҳарларида истиқомат қилувчи 80 фоиздан ортиқ одамлар ифлосланган ҳаводан нафас олади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабар қилди

Ифлосланган ҳаво муаммосидан дунёнинг кўплаб мамлакатлари азият чекади, бироқ ночор давлатларда бу муаммо, айниқса, кескинлашган. 

ЖССТ маълумотига кўра, аҳолиси 100 мингдан ортиқ, паст ва ўртача даромадли давлатларда жойлашган 98 фоиз шаҳарлар ҳаво сифати бўйича ташкилот стандартларига жавоб бермайди. Юқори даромадли мамлакатларда бундай шаҳарлар кўрсаткичи 56 фоизни ташкил этади. 

Умуман олганда, ЖССТ маълумотлари бўйича, шаҳарларда ҳаво ҳолати ёмонлашмоқда: 2008 йилдан 2013 йилга қадар зарарли моддалар концентрацияси 8 фоизга ошган. Энг ифлосланган шаҳарлар қаторида Деҳли, Қоҳира ва Дакка энг аввалги ўринларни эгаллаган. Осиё шарқий шаҳарлари ҳамда Ўрта Ер денгизи шарқий қирғоғидаги шаҳарларда ҳаво ифлосланиш даражаси ўсиб бормоқда. 

Европа ҳамда АҚШ шаҳарларида эса ҳаво ҳолати яхши томонга ўзгармоқда. ЖССТ нашр этган харитада кўпчилик Европа ва Америка шаҳарлари “яшил зона”да жойлашган – уларнинг атмосферасида зарарли моддалар концентрацияси юқори эмас. 

Хитой ҳамда Ҳиндистоннинг аксарият шаҳарлари “қизил зона”да жойлашган - уларнинг атмосферасида зарарли моддалар концентрацияси юқори даражада. 

Ҳавонинг ифлосланиши йирик шаҳарлар аҳолиси соғлигига жиддий зиён етказади. Масалан, юрак, қон-томир касалликлари, инсульт, нафас йўллари ва ўпка хасталикларига чалиниш хавфини орттиради. 

Ташкилот маълумотига кўра, ҳавонинг ифлосланиши йирик шаҳарлар аҳолисининг ўлим ҳамда касалликларга чалиниш ҳолатларининг асосий сабаби бўлиб қолди. ЖССТ фикри бўйича, бу муаммодан асосан ёшлар, қариялар ва қашшоқ аҳоли кўпроқ азият чекмоқда.

Мавзуга оид