Жамият | 20:09 / 13.05.2016
14188
2 дақиқада ўқилади

Отасининг ичкиликдаги хурмача қилиқларини кўтара олмаган ўғил уни ўлдириб қўйди

Фотиҳ Бўронов (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2015 йилнинг 25 июль кунидаги “Сен менинг болам эмассан!” каби қичқириғидан қишлоқда кўплар ёқа ушлади. Феруз эсини  танибдики, отасидан шу гапни эшитарди. Айниқса, отаси маст бўлган пайтларда бу гапларни тез-тез такрорлар, онасининг ахлоқсизлигини айтиб, уларни уриб, хўрлаб келарди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда. 

Ҳар кунги жанжаллардан безиган болалар бирма-бир уйни тарк этишга мажбур бўлишди. Аввал акаси ишлаш баҳонасида Россияга кетди. Кейин опаси бошқа қариндошлариникида яшашга мажбур бўлди. Онаси бир кун аввал отасининг аёвсиз калтаклашидан жароҳат олиб, шифохонага кетганди. Феруз эрталаб отасининг бақириғидан уйғониб кетди. Отасини тинчлантириш учун ёнига борди.

Фотиҳ эса ўғлидан насиҳат эшитадиган аҳволда эмасди. “Онанг бузуқ, сен менинг болам эмассан”, дея уни уришга чоғланди. Айни кучга тўлган йигит отасининг ўзи томон узатилган қўлларини силтаб юборди. Фотиҳ мувозанатини йўқотиб ерга йиқилди. Устунга суяб қўйилган болтани олди-да, қаҳр билан ўғлига ҳамла қилди. Феруз отасининг қўлидан болтани тортиб олишга уринганида иккаласи ҳам йиқилиб тушди. Ферузнинг кўзига нафрат тўлиб, шу дамда у отаси эканлигини унутди ва тезда ўрнидан туриб, отасидан тортиб олган болтани ҳавога кўтарди. Фотиҳ мастлиги сабаб ҳали ўрнидан туришга улгурмаганди.

Болта пешанасига зарб билан урилганда ҳушини йўқотди. Иккинчи зарбдан сўнг... 
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан Феруз Бўроновга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.