07:17 / 13.05.2016
4082

Туркиянинг Диёрбакир шаҳри яқинидаги портлашда 17 киши жароҳат олди

Туркиянинг шарқидаги Диёрбакир шаҳри яқинидаги Сариқамишда содир бўлган портлашда 4 нафар жангари ҳалок бўлди, яна 17 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Туркия ички ишлар вазирлиги ва махсус хизматлардаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар берди.  

Портлаш 12 май куни маҳаллий вақт билан соат 22:30 да Диёрбакирдан 25 км узоқликда жойлашган Сариқамишда содир этилди. Дастлабки тахминга кўра, Курдистон ишчи партияси жангарилари ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларига ҳужум қилиш учун фургонга ортаётган портловчи модда портлаб кетган.

Икки нафар жароҳатланган оғир аҳволда шифохонага етказилган. Портлаш оқибатида 30 га яқин уй зиён кўрди, шаҳар электр таъминотисиз қолиб кетди, деб хабар бермоқда CNN Turk.

10 майда ҳам Диёрбакирда миналаштирилган автомобиль унинг ёнидан полиция автобуси ўтиб кетаётганда портлатилганди. Оқибатда 3 киши ҳалок бўлганди, 45 киши жароҳат олганди. Жароҳатланганлар орасида 15 нафар полициячи ва назорат остида олиб кетилаётган 5 маҳбус бўлган. 

Top