Жаҳон | 19:20 / 15.05.2016
9869
1 дақиқада ўқилади

АҚШ разведкачи самолёти Россия чегараси яқинидан учиб ўтди

Америкаликларнинг RC-135V русумли ҳарбий разведкачи самолёти Россияга қарашли Калининград вилояти чегараларига яқинлашиб учган. Бу ҳақда Baltic Watch маълумотига асосланиб, РИА Новости хабар тарқатган.

Манбанинг ёзишича, борт рақами 64-14844, номи ELGIN33 бўлган бу самолёт Буюк Британиядаги «Милденҳолл» авиабазасидан ҳавога кўтарилган ва Болтиқ денгизининг жанубий қисмида ҳаракатланган. Самолётнинг транспондери ўчиқ бўлган.

Baltic Watch порталининг тасдиқлашича, Калининград вилоятидаги авиабазадан америкаликлар самолётини қарши олиш учун Су-27 қирувчи самолёти ҳавога чиқарилган.

Қайд этилишича, бу ҳафта давомида бешинчи марта АҚШ самолёти Россия чегаралари яқинидан учиши бўлди. 13 май куни борт рақами 62-4131 бўлган TANGY18 номли самолёт Калининград чегараларига яқинлашиб келганди.