Спорт | 07:07 / 15.05.2016
3585
2 дақиқада ўқилади

Левандовски Бундеслигада мавсумда 30 та гол урган биринчи легионер бўлди

"Бавария"нинг польшалик ҳужумчиси Роберт Левандовски Германия чемпионатининг сўнгги турида "Ганновер"га қарши учрашувда гол урди. Учрашув мюнхенликларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Польша терма жамоаси ўйинчиси учун бу гол жорий мавсумда Бундеслигадаги 30-гол бўлди. Шу тариқа, футболчи Германия чемпионатида бир мавсумда 30 та гол ура олган биринчи хорижлик ўйинчи бўлди. 27 ёшли футболчи бу борада 2011/2012 йиллардаги мавсумда 29 та гол урган "Шальке"нинг футболчиси Клас-Ян Хунтелардан ўтиб кетди.

Бунгача Бундеслигада 30 та голни охирги марта 1976/1977 йиллардаги мавсумда Дитер Мюллер киритганди.

Левандовски, шунингдек, жорий чемпионатнинг тўпурари бўлди, у 32 та ўйинда рақиблар дарвозасига 30 та гол урди. Польяк шу тариқа ўз фаолиятида бундай муваффақиятга иккинчи маротаба эришди: футболчи 2013/2014 йилларда 20 та гол уриб, чемпионат тўпурарига айланганди.

Тўпурарлар баҳсида 2-ўринни "Боруссия" футболчиси Пьер-Эмерик Обамейянг (31 та ўйинда 25 та гол), 3-ўринни "Бавария"нинг яна бир вакили Томас Мюллер (31 та ўйинда 20 та гол) эгаллади.

"Боруссия"нинг (Дортмунд) яна бир ўйинчиси Генрих Мхитарян 15 та голли узатма билан энг яхши ассистент бўлди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш