Жамият | 17:29 / 15.05.2016
25434
3 дақиқада ўқилади

Лола Каримова-Тиллаева Global Gift фонди мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, "Sen Yolg’iz Emassan" хайрия фонди ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Васийлик кенгашларининг раиси Лола Каримова-Тиллаева Global Gift жамғармаси томонидан махсус гуманитар мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда унинг ўзи инстаграмдаги саҳифаси орқали маълум қилган.

Унга мукофот Канн шаҳрида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган маросим вақтида топширилган.

Global Gift Foundation вакили Лола Каримова-Тиллаева ҳамда унинг раҳбарлигидаги "Sen Yolg’iz Emassan" хайрия фонди ва Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Васийлик кенгашларининг муҳтож оилалар ҳамда болаларга кўрсатибк келаётган хайрия ёрдамларини алоҳида таъкидлаган.

Global Gift фондининг гуманитар мукофоти кенг хайрия фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга тақдим этилади.

“Ушбу мукофотга сазовор бўлиш мен учун жуда катта шарафдир. Бу нафақат мен, балки Ўзбекистондаги Меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи болажонлар ҳаётини яхшилашга ҳамда махсус эҳтиёжли болаларга кўмак бериб уларнинг имкониятларини оширишга ўзларини бахшида этган инсонлар ҳаракатларини тан олувчи мукофотдир. Бу бизнинг ишимизда кишига катта далда ва дастак манбаидир,” деб ўтди Каримова-Тиллаева тақдирлаш маросимида.

Лола Каримова-Тиллаева Ўзбекистондаги иккита хайрия ташкилотларига бошчилик қилади.

"Sen Yolg’iz Emassan" хайрия фонди Лола Каримова-Тиллаева томонидан 2002 йилда Ўзбекистондаги ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган. Орадан икки йил ўтгач, 2004 йилда Каримова-Тиллаева хоним имконияти чекланган болаларга даволаш ва таълим соҳаларида ёрдам берувчи хайрия ташкилоти - Республика болалар ижтимоий мослашуви марказига асос солди.

"Sen Yolg’iz Emassan" хайрия фонди Ўзбекистондаги бир қатор меҳрибонлик уйларида таъмирлаш, капитал реконструкция, қурилиш ва тубдан жиҳозлаш ишларини олиб борди, натижада ушбу меҳрибонлик уйларида болаларнинг яшаши, ҳар томонлама ривожланиши ҳамда таълим олиши учун зарур бўлган барча шароитлар яратилган.