МРБ “тасодифан” қийнаб сўроқ қилиш тўғрисидаги ҳисоботни ўчириб юборган
АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) бош инспектори аппаратида шов-шувларга сабаб бўлган “қийноқлар тўғрисида ҳисобот”нинг нусхасини “бехосдан” ўчириб юборишди. Бу ҳақда Fox News телеканалига асосланиб РИА Новости хабар қилди.
Ҳужжатнинг электрон версияси “адашиб” ўчирилган. Ҳисоботнинг нусхаси бўлган диск ҳам “тасодифан” ўчиб кетган, дейилади телеканал хабарида.
Ҳужжатнинг нусхаси бошқа ташкилотларда ҳам сақлансада, эътиборга молик жиҳати уни айнан МРБ ички назорат органи – Марказий разведка бошқармасида ҳуқуқий нормаларни кузатиш учун йўналтирилган тизим ўчириб юборган.
Аввалроқ АҚШ разведка бўйича сенат қўмитаси МРБ томонидан 2001-2006 йилларда қўлланган “сўроқ қилиш усуллари” тасвирланган 6700 саҳифали ҳисобот тайёрлаган эди. Ҳисобот мазмуни ҳамон очилмагани туфайли Америка давлат тизимларида қизғин баҳслар давом этмоқда.