14:31 / 17.05.2016
3707

Усэйн Болт 2016 йилдаги илк расмий турнирида жароҳат олди

Кайман оролларида енгил атлетика бўйича турнир доирасида 100 м масофага югириш баҳслари вақтида Ямайка вакили Усэйн Болт жароҳат олди. Бу ҳақда унинг мураббийи Глен Миллисга асосланиб, Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Кайман оролларидаги мусобақа 14 май куни старт олган. Болт 100 м масофага югуриш бўйича ғолиб чиққан. Бу унинг 2016 йилдаги илк расмий турнири бўлди. Мураббийнинг айтишича, спринтер айни вақтда тизза қисмида оғриқ сезмоқда.

Мутахассиснинг қайд этишича, бу жароҳат оғир эмас ва спортчи Бразилиядаги олимпиадада иштирок эта олади.

Яқин кунларда Болт Германияга, даволаниш курсларидан ўтиш учун келиши кутилмоқда. 30 июнь куни у Ямайка терма жамоасига бориб қўшилади ва 3 июлгача Кингстондаги машғулот базасида бўлади.

Болт 2008 ва 2012 йилларда Пекин ҳамда Лондон шаҳарларида ўтказилган олимпиадаларда жами 6та олтин медаль (3 хил масофа) олган. 2015 йилги жаҳон чемпионатида у 3та олтин медаль олиб, 11 карра жаҳон чемпионига айланди ҳамда енгил атлетика спорти тарихидаги энг яхши натижани ўрнатди.

Болт 100 метр масофага (9,58 секунд) ва 200 метр масофага (19,19 секунд) югуриш бўйича амалдаги рекордчи ҳисобланади. Ямайка терма жамоаси ҳам унинг иштирокида Лондон олимпиадаси вақтида 4х100 эстафетада 36,84 секундлик натижа қайд этиб, рекорд ўрнатган.

Рио-де-Жанейро олимпиадаси 5 августдан 21 августгача бўлиб ўтади.

Top