Жаҳон | 11:42 / 19.05.2016
6711
2 дақиқада ўқилади

Лондоннинг собиқ мэри Эрдўғанни ҳақоратловчи шеърлар танловида ғолиб чиқди

Буюк Британиядаги The Spectator журнали Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған шаънига ҳақоратловчи сўзлар битилган шеърлар танлови якунларини маълум қилди. Унга кўра, Лондон шаҳрининг собиқ мэри бўлмиш Борис Жонсон ғолиб чиққан.

Танлов ғолиби учун берилган 1000 фунт миқдоридаги мукофот пулини у хайрия қилган.

Sky News телеканалида қайд этилишича, Жонсон швейцарияликларнинг Die Weltwoche нашрига берган интервьюсида Эрдўғаннинг хатти-ҳаракатларини Европадаги исталган киши танқид қила олиши мумкинлигини таъкидлаган.

"Эрдўған Туркияда ўз мухолифатларини қамоққа ташлаши мумкин. Канцлер Меркель Германияда Эрдўғанни танқид қилувчиларни озодликдан маҳрум этиши мумкин. Лекин Буюк Британияда ҳур фикрлилик яшашда давом этмоқда. Бизга нима қилишни ва нимани гапиришни ўргатадиган ҳукмдорлар керак эмас. Бизга нима учун кулиш мумкинлигини ҳал қилиб берадиган суд ҳакамлари, айниқса германиялик ҳакамлар керак эмас", дейилади журнал хабарида.

The Spectator журнали Германияда Туркия раҳбари Эрдўғанни ҳақорат қилувчи шеър битган телебошловчи Ян Бемерманнинг тергов қилиниши воқеалари фонида туркияликлар етакчисини ҳақоратловчи шеърлар танловини эълон қилганди. Бемерман шу йилнинг мартида ZDF телеканалидаги Neo Magazin Royalе кўрсатуви орқали Эрдўғанни ҳақоратловчи шеър ўқиганди. Унинг шеърида Эрдўған Туркиядаги курдлар ва қочоқларга айрича муносабатда бўлиши, мухолифатини ва журналистларни қамаш билан машғуллиги кинояли тарзда келтирилганди.

11 апрель куни Эрдўған бу журналистга нисбатан жиноий иш очишни талаб қилгани ҳақидаги хабар Германия ҳукумати вакили Штеффен Зайберт томонидан тасдиқланди.

Туркия етакчиси 9 май куни журналистни қўллаб-қувватлашда айблаб, Axel Springer концерни раҳбарини судга берди.

Кўп ўтмасдан Германия суди Эрдўғоннинг Axel Springer бош директорига нисбатан даъвосини рад қилди.