12:14 / 20.05.2016
3993

Uber ўзининг мустақил ҳаракатланувчи машинасини намойиш этди

Uber такси компанияси Ford Fusion’нинг гибридли двигатель ўрнатилган модели негизида ишлаб чиққан ҳайдовчисиз юрувчи машинасини ОАВга намойиш этди. Бу ҳақда компаниянинг расмий блогида хабар қилинган. 

Uber’нинг ўзи юрар машиналари Питтсбург кўчаларида бир йиллар аввал кўзга ташланган эди, бироқ компания уни энди расман оммага ошкор қилмоқда. 

Uber машиналари бир вақтнинг ўзида шаҳар кўчалари бўйича маълумотлар йиғиш баробарида автопилот бошқаруви тизимини синаб кўришга мўлжалланган. Унга радарлар, лазер сканерлари ва юқори ўлчамли камералар ўрнатилган. Бироқ ҳозирча бундай машиналар олд ўриндиғида тажрибали ҳайдовчи қолмоқда. 

Маҳаллий журналистлар шундай Uber’да сайр қилиш имконига эга бўлишган. Уларнинг сўзларига кўра, машина мустақил равишда тезлашади, тормоз беради, қайта сафлана олади, тўхташ жойига жойлашади ва пиёда ҳамда велосипедчиларга йўл беради. Шу билан бирга, хоҳлаган вақтда қўлда бошқариш тизимига ўтиш мумкин. 

Хабарларга кўра, Питтсбургда Google’дан Uber’га ўтган муҳандислар жамоаси, Карнеги-Меллон университети ва бошқа компания, ташкилотларнинг қароргоҳлари жойлашган. Бундан ташқари, Uber’нинг фикрича, Питтсбург ўзининг мураккаб йўл шароити, тор кўчалари ва ўзгарувчан об-ҳавоси билан синовлар ўтказиш учун қулай жойдир. 

Компания вақти келиб барча ҳайдовчиларини сунъий ақлга алмашитиришига ишонмоқда. ОАВ фикрича, Uber бу каби технологиялар воситасида Google ва бошқа йирик корпорацияларга қараганда кўпроқ даромад кўра олади.

Top