Жаҳон | 16:09 / 22.05.2016
11868
3 дақиқада ўқилади

Дэвид Кэмерон: Туркия 3000 йилгача ЕИ аъзоси бўла олмайди

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмероннинг ҳисоблашича, Туркия музокараларнинг ҳозирги темпи сақланиб қолса, 3000 йилдан олдинроқ 28 мамлакатни бирлаштирган Европа Иттифоқига аъзо бўлиб кира олмайди

"Яқин йилларда Туркиянинг ЕИ ҳамжамиятига аъзо бўлиб киришининг имконияти йўқ. Улар 1987 йилда ариза билан мурожаат қилишган. Бу жараён шу тезликда давом этса, агар охирги прогнозларга қарайдиган бўлсак, улар балки 3000 йилга бориб иттифоққа қўшилишлари мумкин", дея Кэмерондан иқтибос келтиради Sky News.

Бу орқали Кэмерон мамлакат мудофаа вазири Пенни Мордонтнинг баёнотини инкор қилди. У расмий Анқара Туркиянинг Европа оиласида яқин 8 йил ичида пайдо бўлиши ҳақида айтганди. Мордонт Буюк Британия Туркиянинг Евроиттифоққа қўшилишига қаршилик қила олмаслигини айтиб, бўлажак референдумда британияликларни Евроиттифоқдан ажралиб чиқиш учун овоз беришга чақирган эди.

Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқишига қаратилган тарғибот кампанияси вакили Майкл Гоув Туркиянинг Евроиттифоққа эҳтимолий қўшилишини Буюк Британия учун таҳдид деб атаган, таҳдидга асос сифатида Туркияда туғилиш ва жиноятчилик даражаси юқори эканлигини кўрсатган.

Бирлашган Қиролликда 23 июнь куни мамлакатнинг ЕИдан чиқиши масаласида умумхалқ референдуми бўлиб ўтади. Дэвид Кэмерон мамлакатнинг иттифоқ таркибида қолиши учун овоз бериш тарафдори ҳисобланади. Шу йилнинг февралида у ҳамжамиятнинг бошқа аъзолари раҳбарлари билан Буюк Британиянинг алоҳида мақоми борасида келишиб олганди.

Туркия НАТО аъзоси ҳисобланади ва 1996 йилдан бери Европа Иттифоқи билан божхона иттифоқи таркибига киради. Европа Иттифоқига кириш учун 1987 йили ариза берган бу мамлакат, 1999 йилда номзод мақомини олган.

2016 йили Европа Иттифоқи ва Туркия кўрсатилган моддий ёрдам эвазига Греция ҳудудига Туркия орқали кириб келган ноқонуний муҳожирларни ортга қайтариш борасида келишиб олган эди. Бунинг эвазига Евроиттифоқ Туркия фуқаролари учун виза тартибини енгиллаштириш ва мамлакатнинг Иттифоққа қўшилиши жараёнини тезлаштиришга ваъда берган.

Март ойи бошида Туркиянинг ЕИга қабул қилиниши бўйича жараённи тезлаштириш ва туркияликларнинг Европа ҳудудида эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича виза режимини енгиллаштириш бўйича ҳаракатлар бошланганди. Томонлар июнь ойигача бу масалани ҳал қилиб олиши белгиланган. Келишувга кўра, Туркия ЕИнинг 72та талабини бажариши керак.