22:53 / 22.05.2016
4699

Ҳиндистон бош вазири Эронга ишчи сафар билан келди

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳукумат тепасига келгандан икки йил ўтиб Эронга биринчи ташрифи билан келди.

Бош вазир Эронга келганини твиттерда маълум қилди ҳамда самолёт трапида тургани ва уни кутиб олаётган эронликларни қаршилаётгани суратини жойлаштирди.

Модининг Эронга ташрифининг асосий қисми 23 май, душанбада бошланади. Моди Эроннинг олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Ҳоманеий билан учрашади, мамлакат президенти Ҳасан Руҳоний билан музокара ўтказади. Маълум қилинишича, музокаралар давомида икки давлат ўртасидаги алоқалар, минтақадаги вазият муҳокама қилинади. 

23 майда, шунингдек, бир қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланади, бироқ булар орасида Эрон, Ҳиндистон ва Афғонистоннинг Эроннинг Чабохар порти орқали ўтувчи транзит коридори ҳақидаги уч томонлама келишуви энг муҳими бўлади. Портнинг ривожланиши қуруқликдаги Чабохар-Захадан-Заранж йўналишидан фойдаланиш билан бир қаторда Афғонистоннинг денгиз орқали Ҳиндистонга, Ҳиндистоннинг эса Ўрта Осиёга чиқишига имкон беради.

Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлигида келишувни Афғонистон томондан ким имзолаши тушунтирилмади, бироқ Эрон ОАВнинг маълум қилишича, буни мамлакат президенти Ашраф Ғани амалга оширади. У Теҳронга 23 майда етиб келади.

Бундан ташқари, Моди Теҳронда муҳокама қилиши мумкин бўлган мавзулардан бири Эронга нефть етказиб бергани учун 6,5 млрд доллар қарзнинг тўланиши бўлади. Бу пул уч йил давомида санкциялар туфайли Ҳиндистоннинг Эронга доллар ва еврода ҳақ тўлашига имкон бермагани оқибатида тўпланиб қолган. Бундан аввал Ҳиндистон ОАВининг маълум қилишича, қарзнинг бир қисми – 750 млн доллари жорий ҳафтада тўлаб берилган. 

Top