11:17 / 22.05.2016
3448

Мирча Луческу "Шахтёр" бош мураббийлигидан кетди

Руминиялик тажрибали мутахассис Мирча Луческу Донецкнинг "Шахтёр" жамоаси бош мураббийлигини тарк этди. Бу ҳақда жамоа расмий сайтида маълум қилинган.

Украина Кубоги финали 70 ёшли бу мураббий учун "Шахтёр" бошқарувидаги охирги учрашув бўлиб қолди. Бу финал баҳсида донецкликлар "Заря"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этишди ва 10 карра Украина Кубоги соҳибига айланишди.

"Шахтёр" жамоаси Мистерга узоқ йиллик ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиради. "Шахтёр" Мирча Луческуга келгуси фаолиятида зафарлар тилайди. Бу тилаклар "Шахтёр"нинг миллионлаб мухлислари номидан ҳам", дейилган хабарда.

Мирча Луческунинг "Шахтёр" билан шартномаси жорий мавсум охирига қадар тузилганди. Ушбу мутахассис жамоани 2004 йилдан буён бошқариб келмоқда эди. Унинг раҳбарлигида донецкликлар жамоаси 8 марта Украина чемпиони, 6 марта Украина Кубоги соҳиби, 6 марта Украина Суперкубоги эгаси бўлди. Шунингдек, жамоа 2009 йили УЕФА Кубоги финалида ғолиб чиққан.

Бундан олдинроқ, ушбу мураббий "Зенит"да иш бошлаши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Top