16:30 / 24.05.2016
8673

Хитойда амал қилувчи ҳайратланарли тақиқлар

Хитой ҳукумати ўз иқтисодиётини жаҳон ҳамжамияти учун очиқ қилишни хоҳлашини таъкидлаши баробарида, замонавий технологиялар ва медиага кириш имкониятларини чеклаб қўйишда давом этмоқда. Қуйида эътиборингизга мамлакат ҳукумати томонидан тақиқ жорий қилинган ўнликни келтирамиз.
1. Instagram

Хитой раҳбарлари, мамлакатнинг улкан иқтисодиётида бозорларга муҳим аҳамият қаратишга ваъда бергани ҳамда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошираётганига қарамай, айрим соҳаларда мамлакат ёпиқ эшиклар ортидаги давлат бўлиб қолмоқда. Масалан, сиз у ерда Instagram’даги саҳифангиздан фойдалана олмайсиз! Суратга олиш мумкин эмас, ахир!
Хитой раҳбарияти, 2014 йили Ҳонконгда бўлиб ўтган намойишлардан сўнг, суратларни тарқатиш иловасини тақиқлаб қўйди. 

2. Twitter

Ушбу ижтимоий тармоқ мухлислари, Хитойга сафар қилишдан аввал, бунга эътибор берса яхши бўларди. Хитойда Twitter (TWTR, Tech30) ҳар доим "хизмат доирасидан ташқарида".

Хитой раҳбариятининг ижтимоий тармоқларга нисбатан бундай жиддий чоралар кўришига, Араб баҳори ва 2009 йилги Эрон яшил инқилобида медиа тармоқларининг тутган ўрни сабаб бўлмоқда. 

3. Google

Ҳа, қанчалик ажабланарли бўлмасин, сиз Хитойда дунёнинг энг машҳур қидирув хизмати Google, унинг бўлимлари, хусусан, Gmail, YouTube ҳам қаттиқ назорат ва чеклов остида эканининг гувоҳи бўласиз. 

4. Facebook

Расмий Пекин, 2009 йилдан Facebook’нинг умид учқунларини сўндириб келади. Ва ҳозирча, ушбу ижтимоий тармоқ фаолияти тикланишидан дарак йўқ. Гарчи Facebook асосчиси Марк Цукерберг Хитойга бир неча маротаба ташриф буюрган ва Си Цзиньпин билан қўл бериб кўришган бўлса-да, Пекин ўз фикридан қайтаётгани йўқ. 

5. Snapchat

Албатта, хориждаги хитойликлар ҳам ватанларига қайтгач, Snapchat саҳифасидан фойдалана олмайди. Аммо Ғарб медиа компанияларининг Хитой бозорига кириб келишига сунъий тўсиқларнинг яратилиши, миллий тармоқларни ривожлантиришга туртки бўлмоқда. Хусусан, Weibo анчагина оммабоп, кўплаб маҳаллий хабар юбориш иловалари гуллаб-яшнамоқда. 

6. Веб-сайтлар

Пекин маъмурияти исталган вақтда турли мазмундаги турли хил веб-сайтларни тўсиб қўйиши мумкин. Хусусан, мамлакат коммунистик партиясини танқид қилувчи сайтларга киришнинг имкони йўқ. 

7. Хорижий фильмлар

Хитой ҳукумати, бир йилда атиги 34 та чет эл фильмига мамлакат кинотеатрларида намойиш этишга рухсат беради. Шу сабаб, кўп ҳолларда, Ҳолливуднинг кўплаб янги блокбастерлари хитойлик киноихлосмандлар назаридан четда қолади.

Рухсат берилган фильмлар ҳам, Коммунистик партиясининг жиддий цензурасидан ўтгачгина, Хитой кинотеатрларига йўл олади. Масалан, тайванлик режиссёр Энг Ли энг яхши режиссёрлик иши учун Кино Академиясининг совринини қўлга киритганида, Хитойда шов-шув кўтарилган эди. Аммо унинг ижодига мансуб "Букри тоғ" картинаси Хитойда умуман намойиш этилгани йўқ. 

8. Электрон китоблар ва видеолар

Пекин цензурасининг яна бир нишони хорижий рақамли маълумотлар манбаларидир. Ўтган ойларда, Apple компаниясининг iBooks and iTunes хизматлари ҳамда Диснейнинг онлайн видео кўриш сайти тўсиб қўйилди. 

9. Казинолар

ХХР 1949 йилдан бошлаб қиморни қонун билан тақиқлаган ва шу даврдан бери казинолар, турли хил қиморхоналар фаолият кўрсатмайди. Шунга қарамай, айрим хитойликлар ноқонуний қиморхоналар ва лотерея ўйинлари ташкил этишга журъат этишади. 

10. Китоблар

Ва ниҳоят, китоблар. Хитой матбуот ва нашриётлар бош бошқармаси мамлакатда чоп этиладиган барча китобларни нашрдан чиқмасдан аввал, жиддий кўздан кечиради. Бунда цензура қоидалари амал қилиши аниқ. Инсон ҳуқуқлари, Тибет ёки коммунистик партия ҳақидаги танқидий фикр ва қарашларга йўл йўқ. Хитой расмийларининг даромади, бойлиги ҳақида сўз юритиш ҳам мумкин эмас. Шундай экан, муаллиф цензурага рози бўлади ёки 1,4 млрд ўқувчини йўқотади.

Куннинг энг асосий ва қизиқ хабарларидан тезкор равишда хабардор бўлиш учун «Kun.uz»нинг Telegram’даги каналига аъзо бўлинг.

Top