00:49 / 26.05.2016
4090

Яман жанубида авиазарба оқибатида 11 фуқаро ҳалок бўлди

Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси ҳарбий-ҳаво кучларининг Яманнинг жанубидаги Лахж вилоятига берган зарбаси натижасида 11 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда маҳаллий амалдорларга иқтибос келтирган ҳолда Associated Press агентлиги.

Барча ҳалок бўлганлар бир оила аъзолари бўлган, улар орасида камида 4 нафар бола бор.

Манбаларнинг айтишича, зарбадан мақсад Яман жанубида ҳаракатланувчи жангариларни нишонга олиш бўлган, бироқ снарядлар жангарилар базалари ёнидаги турар жой биносига теккан. Маълум қилинишича, зарба берган самолётлар БААга қарашли бўлиши мумкин.

Вилоят губернатори коалициядан ҳеч ким зарба ҳақида аввалдан огоҳлантирмаганини айтди.

Яманда хусийчилар ва мамлакат ҳукумати қўшинлари орасида жанглар давом этмоқда.

Ихтилоф шароитида мамлакат жанубида "Арабистон яриморолидаги Ал-Қоида" ва ИШИД террорчилик гуруҳлари жангарилари фаоллик кўрсатмоқда. Уларга вақти-вақти билан коалиция иштирокчилари ва АҚШ зарба бериб туради.

Top