Жаҳон | 08:38 / 27.05.2016
5828
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев: қозоғистонликлар ҳеч қачон ҳозирдагидек яхши яшашмаган

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Остона иқтисодий анжуманининг ялпи йиғилишидаги нутқида қозоғистонликлар турмушининг тубдан яхшилангани ҳақида айтиб ўтди. Бу ҳақда nur.kz ахборот агентлиги хабар берди. 

"Қозоғистон, биласизки, аввал Ер харитасида бўлмаган ёш давлат. Жорий йилда биз Мустақиллигимизнинг 25 йиллигини нишонлаймиз. Чорак аср, бироқ тарих учун бир лаҳзадек вақт давомида биз харитада бўлмаган давлатдан дунёнинг 50 та энг рақобатбардош давлатлари орасига кирувчи давлатгача бўлган йўлни босиб ўтдик.

Бу вақт давомида биз маъмурий-буйруқбозлик бошқарувига эга қолоқ иқтисодий тизимдан тўлиқ очиқ бозор иқтисодиётига айлана олдик. Бу ўзгаришлар жуда мураккаб, оғриқли бўлди, кўп нарсани қилдик ва яна кўп нарсани қилишимиз керак.

Мустақиллик бошида ҳеч ким Қозоғистон умуман мустақил давлат бўла олишига ишонмаганди. Мустақилликни эълон қилиш бошқа нарса, унинг иқтисодиётини амалда мустаҳкамлаш эса жуда қийин иш бўлди. Умид қиламанки, буни тушунасиз. Бироқ ўтказган ислоҳотларимизнинг асосий натижаси фуқароларимиз турмуш даражасининг тубдан яхшилангини бўлди.

Мустақиллик йилларида Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти доллар ифодасида 20 маротаба, ўртача иш ҳақи 17 маротаба ошди. 2 млн та иш ўрни яратилди. Мен бу минбардан туриб, қозоқлар ва қозоғистонликлар ҳеч қачон ҳозирдагидек яхши яшашмаган деб бемалол айта оламан", деб ўз сўзини ниҳоялади Назарбоев.