Жаҳон | 22:23 / 28.05.2016
7220
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған АҚШни Суриялик курдларни қўллаб-қувватлаётгани учун танқид қилди

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Вашингтонни баъзи америкалик ҳарбийлар Сурия ҳудудида курд Халқ мудофааси отрядлари (YPG) нашивкасига эга униформада кўрингани учун танқид қилди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди

"Биз билан дўст бўлганлар, НАТОда бирга бўлганлар, YPG рамзига эга ўз солдатларини Сурияга юбориши керак эмас", деб айтди Эрдўған. 

Шунга ўхшаш фикрни 27 май куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу айтганди. У америкалик махсус вазифаларни бажарувчи ҳарбийларни YPG рамзига эга кийимдаги сурати пайдо бўлганига изоҳ бериб, АҚШни иккиюзламачилик ва иккилик стандартларидан фойдаланишда айблаганди. 

Пентагон бунга жавобан, америкалик махсус кучлар операциялар вақтида шундай тарзда  ниқобланишларини айтган. "Улар баъзи ҳудудларда ҳаракат қилганларида, ўз ҳимоялари, ўз хавфсизликларини ошириш мақсадида пайқалмаслик учун қўлларидан келган барча йўллардан фойдаланадилар", деб айтди АҚШ мудофаа вазирлиги матбуот котиби Питер Кук. 

Туркия анчадан бери АҚШни Сурия ва Ироқдаги курд айирмачиларига нисбатан сиёсати учун танқид қилиб келади. Анқаранинг айтишича, бу гуруҳларнинг барчаси Курдистон ишчи партияси (КИП) билан боғланган. КИП эса Туркияда террорчилик гуруҳи деб тан олинган. АҚШ ИШИДга қарши курашда курд тузилмалари билан фаол ҳамкорлик қилади.