14:50 / 28.05.2016
15922

Тошкент дўконларидаги қаймоқлардан ичак таёқчалари топилди

Тошкент шаҳрида, маҳаллий ишлаб чиқарувчига тегишли қаймоқ таркибидан юқумли касаллик келтириб чиқарувчи ичак таёқчалари аниқланган. Бу ҳақда Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилмоқда. 

Қўмитага кўра, Тошкент фуқароси Себзор кўчасидаги SUNDAY супермаркетидан қаймоқ харид қилиб, уни бактериологик таҳлил учун Олмазор тумани санитар-эпидемиология назорати марказига тақдим қилган. 

Ўтказилган таҳлил натижасида эса, топширилган намунада ичак таёқчаси борлиги аниқланган. Бу масала зудлик билан Давлат рақобат қўмитаси томонидан «Дарвоза савдо» МЧЖ ва маҳсулотни ишлаб чиқарган «Хосиятли қут-барака» МЧЖ ҳамкорлигида ижобий ҳал этилган.

Амалга оширилган чоралар натижасида, супермаркетлар ва савдо мажмуалари пештахталаридаги хавфли маҳсулотлар савдодан олиб ташланган. 

Санэпидназорати маркази, ўз навбатида, «Хосиятли қут-барака» МЧЖда оператив текширувларни ўтказиб, унинг фаолиятини тўхтатган. Бундан ташқари, жамият раҳбариятига нисбатан маъмурий жарима солинган.

Top