13:56 / 30.05.2016
8004

Эрдўған Туркиянинг душманлари Истанбул фатҳи учун ўч олаётганини айтди

Туркиянинг душманлари 1453 йилда Истанбул фатҳ қилингани боис ундан ўч олишмоқчи, деди мамлакат президенти Тайип Эрдўған.

"Бизнинг мамлакатимизни ҳеч ким барбод қила олмайди. Истанбул фатҳ қилинганидан сўнг турклар Анатолия ва Фракияда жойлашишди ва шундан бери бу ерлардан кетиш нияти йўқ...Бизнинг миллатимиз душманларга бир аср аввал муносиб жавоб берган. Ишончим комилки, Туркия Республикаси яратилганлигининг 100 йиллигида (2023 йилда) мамлакатимиз дунёнинг энг иқтисодиёти ривожланган мамлакатлари ўнлигига киради", - дея маълум қилди Эрдўған Истанбулнинг усмонийлар қўшини томонидан забт этилганлигининг 563 йиллигига бағишланган намойишдаги иштирокида. Бу ҳақида Anadolu агентлиги маълум қилди. 

Туркия етакчиси юз йил ичида мамлакат буткул ўзгарганини қўшимча қилди. Эрдўғаннинг сўзларига кўра, бугунги кунда айрим давлатлар "Суриядаги ифлос ўйинлар"га енгил қараб, "террорчиларни қўллаб-қувватлашмоқда".

"Россия ва Эроннинг Сурияи билан нима иши бор? Уларга нима бор у ерда? Сурия ерларида террорчилар белгиси туширилган махсус ҳарбий кийимлардаги америкалик аскарлар нима қилишмоқда? ИШИД - бу сунъий тузилган ташкилот, у билан кураш баҳонасида мақсади аниқ ўйинлар амалга оширилади. Муайян кучлар Туркияни Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан ажратишга ҳаракат қилишмоқда", - дея маълум қилди Эрдўған.

Top