14:27 / 30.05.2016
75273

Миллий ўйинларда миллат руҳи мужассам

Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада, табиийки, маънавий мерос, маданий бойликлар, кўҳна тарихий ёдгорликлар муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Мустақиллик йилларида миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаб, келажак авлодга бекаму кўст етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбек халқ миллий ўйинлари ўзининг узоқ ўтмиши, бой тарихига эга бўлган, аждодлардан авлодларга мерос сифатида ўтиб келаётган, маънавий бойлигимиз, қадриятларимиздан саналади. Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунлардан бошлаб, миллий қадриятларимиз, анъана-ю удумларимиз, шу жумладан, халқ ўйинларини қайта тиклашга катта эътибор қаратилди.

Спортнинг анъанавий турлари билан биргаликда миллий спорт турлари ҳамда халқ ўйинлари ҳам тобора ривожланиб бораётир. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўзбек кураши бўйича мусобақалар ташкил этилиб, спортнинг шу тури усталари ўртасида жаҳон чемпионати мунтазам ўтказиб келинаётгани Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаро қалбини ғурурга тўлдиради. Аслида биз фахрлансак арзийдиган миллий спорт турлари жуда кўп. Уларнинг орасида “Турон” кураши, Ўзбек жанг санъати, улоқ, кўпкари, човгон, белбоғли кураш ва камондан ўқ отиш алоҳида эътиборга молик. Айниқса, охирги йилларда Ўзбек жанг санъатига бўлган қизиқиш кучайиб бормоқда. Бу спорт тури миллий руҳ билан суғорилган бўлиб, ёшларда абжирлик, эпчиллик каби хусусиятларни шакллантиришда, уларнинг ўткир зеҳнли ва кўркам қадди-қоматли бўлиб улғайишларида муҳим ўрин тутади.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз азал-азалдан инсонни жисмонан чиниқтирувчи, саломатликка ижобий таъсир этувчи машқларга жиддий эътибор қаратишганини кўрамиз. Масалан, кўпкари мусобақаси ҳар бир иштирокчидан чавандозлик маҳоратидан ташқари жисмоний куч, ўткир зеҳн ва етти ўлчаб бир кесиш салоҳиятига эга бўлишни талаб қилади. Аждодларимиз шунга мос равишда тайёргарлик кўриб, ҳам руҳий, ҳам жисмоний ўсишга эришганлар. Умуман олганда, миллий спорт турларининг барчаси ота-боболаримизнинг яшаш тарзи, маданияти ва дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда ривожланган. Ўша кезларда кимдир чавандоз, кимдир қиличбоз, яна кимдир мерган сифатида танилган. Шунингдек, турли ўйинлар ва машқлар туфайли аждодларимизда ҳар қандай ҳолатдан олиб чиқадиган чаққонлик, яккама-якка олишувга хос уқув шаклланган.

– Миллий спорт турлари билан бир қаторда халқ ўйинлари ҳам аксарият ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда, - дейди Андижон вилояти халқ ўйинлари федерациясининг раҳбари Шаробиддин Тошматов. – Бу ўйинлар, айниқса, болалар орасида кенг ёйилган. Хусусан, маҳаллаларда ўтказилаётган турли тадбирларда аксарият болалар “Қулоқ чўзма”, “Оқ теракми, кўк терак”, “Подачи”, “Чархпалак”, “Ўрда тўп”, “Чиги”, “Қўтир эчки” каби ўйинларда ўзаро беллашиб, ким эпчилу, ким чаққонлигини аниқлаб оладилар. Шунингдек, “Узук олиш”, “Игна санчиш”, “Поёндоз”, “Султончалар жанги”, “Игна, ип, ангишовна” сингари халқ ўйинлари ҳам йиллар оша бизгача етиб келган. Мазкур ўйинлар иштирокчиларига синчиклаб қарасангиз, ҳар бирида абжирлик, мураккаб ҳолатни тўғри баҳолаш, қийин вазиятдан чиқиб кетиш хусусиятлари қарор топганига амин бўласиз. Шундан хулоса қилиш мумкинки, миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари ёшларни соғлом вояга етказиш, уларга таълим-тарбия беришда муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, миллий қадрият ва урф-одатларни асраб-авайлашда уларнинг ўрни беқиёс.

Дарвоқе, мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида халқ ўйинларига эътибор йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хусусан, Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги 2-боғча, 1-,2-,4-,25-,33-,40-,47-,48-мактабларда халқ ўйинларига қизиқиш жуда катта. Шунингдек, Олтинкўл иқтисодиёт, агроиқтисодиёт,

саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ҳам халқ ўйинлари фестивалида фаол иштирок этиб келмоқдалар. Шу туфайли Олтинкўл тумани бу борада вилоят миқёсида пешқадамлик қилаётир. Аниқроқ айтганда, туман вакиллари 1999 йилдан буён вилоятда ўтказилаётган халқ ўйинлари фестивалларида мунтазам равишда 1-ўринни қўлга киритишяпти.

– Бошқа туманларда ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти, - дейди Шаробиддин Тошматов. – Охирги йилларда Избоскан, Андижон, Жалақудуқ, Булоқбоши ва Балиқчи туманларида ҳам совриндорлар сафи кенгайди. Наврўз байрами муносабати билан ўтказилаётган мусобақаларда Андижон саноат коллежи, Олимпия захиралари спорт коллежи, Машинасозлик ва Тиббиёт институтлари жамоалари юқори ўринларни банд этиб, халқ ўйинларига эътибор кучайиб бораётганини исботлаб бермоқдалар. Вилоят терма жамоаси эса республика миқёсидаги фестивалларда Андижон шарафини муносиб равишда ҳимоя қилаётир. Мисол учун вакилларимиз Термиз ва Навоий шаҳарларида ташкил этилган фестивалларда совринли ўринларга сазовор бўлишган. Бундан кўриниб турибдики, вилоятда халқ ўйинларини ардоқлайдиган, ўз иқтидори ва маҳоратини намоён этишга бел боғлаган ёшлар кўп. Улар мунтазам шуғулланиш орқали ҳамиша соғлом бўлишади, шу билан бирга халқ ўйинлари анъаналарини кейинги авлодга бекаму кўст етказиб беришади.

Дарҳақиқат, миллий спорт турлари ва халқ ўйинлари ўзига хос қадрият сифатида авлодлардан авлодларга ўтиб боради. Уларни ардоқлаган ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғуси қарор топади, миллий руҳ шаклланиб, халқимизнинг анъана ва урф-одатларини эъзозлаш ҳисси янада кучаяди. Хуллас, миллий ўйинлар ёшларни ўзбекона тарбиялашнинг энг таъсирчан воситаларидан биридир. Бу ўйинлар қанчалик кенг ёйилса, ватанпарвар ёшлар сафи шунчалик кенгаяди.

Элмурод ЭРМАТОВ.

Top