21:06 / 30.05.2016
5665

Москва яқинида яна бир халқаро аэропорт очилди

Россия федерацияси бош вазири Дмитрий Медведев Москва шаҳри атрофидаги Раменск тумани ҳудудида «Жуковский» номли халқаро аэропортнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Бу Россия пойтахти ҳудудидаги тўртинчи халқаро аэропорт бўлди. «Интерфакс» ахборот агентлиги хабарига кўра, бу аэропортдан Қозоғистоннинг Scat ва Қирғизистоннинг Air Kyrgyzstan авиакомпаниялари фойдаланиши бўйича келишув имзоланган.

Хабар қилинишича, аэропорт Россиянинг «Скай Гейтс Эйрлайнс» ва «Авиастар-ТУ» авиакомпанияларига ҳам хизмат кўрсатади. Бу авиакомапаниялар самолётлари юк ташиш рейсларини амалга оширади.

«Жуковский» аэропорти 2014 йилда халқаро стандарт бўйича кенгайтирилиши бошланганди. Унинг йўловчилар учун терминали 17 км кв ҳудудни эгаллаган. Кейинги 5 йил давомида аэропорт 10 млрд рубль миқдорида инвестицияни ўзлаштириши режалаштирилган.

«Жуковский» аэропортига қадар темир йўл 2018 йилга қадар қуриб битказиш режалаштирилган. Унга қадар йўловчиларни махсус шаттл-автобуслар ташийди. Автобуслар Москванинг «Котелники» метро бекатидан қатнайди.

Россия Транспорт Қўмитаси эксперти Роман Гусаровнинг фикрига кўра, аэропорт ва унга керакли инфратузилмалар қурилиши жуда илдамлик билан олиб борилади, чунки янги аэропортда йўловчилар оқими жуда катта бўлиши кутилмоқда.

Экспертнинг фикрига кўра, Москванинг бошқа ўта гавжум аэропортларига қараганда, «Жуковский» авикомпанияларга жуда қулай жойлашиш шароитлари ва хизмат кўрсатишга арзон нархлар таклиф қилиши мумкин.

Ҳозирча янги аэропорт йўловчилар орасида оммавийлиги бўйича Домодедово ва Шереметьево аэропортлари билан беллаша олмайди, чунки аэропортга бориш анчагина ноқулай. Аэропорт шаҳар чегарасидан 28 км масофада жойлашган бўлсада, унга олиб борувчи автомобил йўллари доимо тирбанд, «Аэроэкспресс» тезюрар поезди  эса 2018 йилда ишга тушади.

«Жуковский» – олдинги экспериментал ва кўргазмалар ўтказиладиган аэродром эди. Халқаро МАКС авиакўргазмаси ҳам айнан шу ерда ўтказилади. Аэропорт эгаси — «Рампорт Аэро» компанияси. Йўловчи терминалининг майдони 17,6 гектарни ташкил қилади. Аэропорт қурилишининг биринчи босқичига киритилган инвестициялар ҳажми 1,8 миллиард рублни ташкил қилди.

Даставвал аэропорт арзон чипталар сотувчи авиакомпаниялар — лоукостерлар учун мўлжалланган эди, лекин айни дамда Россияда ягона лоукостер бўлган «Победа» авиакомпанияси «Внуково» аэропортини тарк этиш истагини билдиргани йўқ.

Top