Жамият | 20:15 / 31.05.2016
6787
2 дақиқада ўқилади

Собиқ маъшуқини ўлдиришда айбланган словакиялик модель 15 йилга қамалди

Испаниянинг Малага шаҳри суди 26 ёшли словакиялик модель Майка Кукучовани 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш бўйича ҳукм чиқарди. У ўзининг собиқ маъшуқи, британиялик миллионер Эндрю Бушни ўлдиришда айбланган.

Associated Press агентлиги хабарида айтилишича, айбловчи томон уни 20 йил муддатга қамашни талаб қилганди. Кукучова ўша вазиятда собиқ йигити билан жанжаллашиб қолганидан кейинги жазава ҳолатида бўлгани учун жазо енгилроқ берилгани айтилмоқда.

Суд ҳукмига кўра, модель марҳумнинг қизи ва синглисига 200 минг евро миқдоридаги маънавий зарарни қоплаш ҳамда суд харажатларини тўлаш мажбуриятини юклаган.

48 ёшли Буш 2014 йили Испаниянинг курорт шаҳарларидан бири Коста-дель-Сольда ўлдирилганди. Қимматбаҳо тақинчоқлар савдоси билан шуғулланувчи салонларга эгалик қилган миллиардер баданидан 3та ўқ топилган.

Жуфтликнинг жанжаллашиб қолишига, Буш россиялик талаба Мария Коротаева билан ишқий алоқалар ўрнатгани фош бўлиши сабаб бўлган. У Испанияда собиқ севгилисини бошқа қиз билан учратиб қолгач, унга ўқ узган ва воқеа жойидан яширинган.

Полиция қотилни Словакияда қўлга олган. У қасддан қотиллик қилгани ҳақидаги айбловни тан олмаган. Шу йилнинг май ойида суд уни собиқ йигитини ўлдиришда айбдор деб топганди.