18:04 / 31.05.2016
19305

Спорт ва варикоз: Оёқ веналарига оғирлик тушишнинг олдини оламиз

Замонавий тиббиёт статистикаси маълумотларига кўра, катта ёшли кишиларнинг 60 фоизи сурункали веноз етишмовчилигидан азият чекади - демак, уларнинг ҳар бирида варикоз касаллиги авж олиши мумкин.

Соғлом турмуш тарзи оммалашган бугунги кунда тренажер заллари ҳамда фитнесс-марказларга қатнаш урф бўлиб бормоқда. Қандай қилиб оёқ веналарига шикаст етказмасдан жисмоний машқлар билан шуғулланиш мумкин?

Умумий қоида
Тренажер залига йўл олар экансиз, спортнинг деярли ҳар бир тури оёқларга яхшигина оғирлик туширишини ёдда тутинг. Оёқ соҳасидаги веноз босимининг ошиб кетиши ҳамда варикоз авж олишига йўл қўймаслик учун машқлар синовдан ўтган бўлиши, шунингдек улар мунтазам ва меъёрида олиб борилиши лозим. 

Зарарли
Тик туриб бажариладиган ҳар қандай машқлар - ўтириб-туриш, гантеллар, штангалар ва гирилар билан машқ қилиш каби ҳаракатлар оёқ веналари учун жуда зарарлидир. Агар инсонда варикоз касаллигига мойиллик бўлса, буларнинг барчаси тақиқланади. Шунингдек оёқ венаси шикастланган кишиларнинг степ-аэробика, узоқликка ва баландликка сакраш ёки тез югуриш билан шуғулланишлари ҳам тавсия этилмайди. 

Фойдали
Агар сиз варикоз ривожланиш хавфи бўлган кишилар тоифасига кирсангиз, у ҳолда спорт залидаги ҳар қандай машқни ўтириб ёки ётган ҳолатда бажаришингиз мақсадга мувофиқ. 

Соғлиққа зарар етказмай, кайфиятни кўтарувчи, шунингдек, қоматни ва имиджни яхшиловчи спорт турларига қуйидагилар киради:
Сузиш  ва аква-аэробика. Сувда машқ қилиш инсон учун жуда фойдали. Сув бўғимларни бўшатади, қон томир ва веналар фаолияти ва қон таркибини яхшилайди, чарчоқни олади, тетиклаштиради. Сузиш алмашинув жараёнларини кучайтиради, қон айланишини енгиллаштиради ҳамда лимфотокни нормаллаштиради. 

Яёв юриш. Ўрта темпда 30-40 дақиқа яёв юриш гиподинамиядан узоқлашиш имконини беради. Гиподинамия бўлмаган жойда эса варикоз касаллигига ўрин йўқ. 

Велосипедда ҳаракатланиш. Велосипедда сайр қилиш ёки велотренажерда машқ қилиш ҳам варикознинг олдини олишга ёрдам беради. 

Йога. У билан шуғулланган кишилар организмида моддалар алмашинуви жараёни фаоллашади, бўғимлар ҳаракати яхшиланади ҳамда қон томирларининг, шу жумладан, оёқ веналарининг эластиклиги ортади. 

Диққат! Жисмоний машқлар билан шуғуланаётганда сув ичиш жуда муҳим аҳамиятга эга, чунки интенсив машқлар давомида организм суюқлик йўқотади, қон қуюқлашади.

Top