Жамият | 17:52 / 31.05.2016
3458
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси ўтказилди

Жорий йилнинг 31 май куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 1 июнь – Халқаро болалар куни муносабати билан ташкил этилган “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси пойтахтдаги Мирзо Улуғбек номли маданият ва истироҳат боғида ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.  

Ушбу тадбирга маҳаллаларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояталаб, боқувчисини йўқотган оилалар, хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари, мактаб-интернат ўқувчилари ҳамда кичик ёшиданоқ велоспортга меҳр қўйган болажонлар таклиф этилди. 

40 нафар Меҳрибонлик уйлари ҳамда 10 нафар Болалар ижтимоий мослашуви Маркази тарбияланувчиларига, шунингдек, иқтидорли ўғил-қизларга энг сўлим ва баҳаво болалар соғломлаштириш оромгоҳларига бепул йўлланмалар берилди. Ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 500 нафар болажонлар эса ранг-баранг совғалар, болалар учун мўлжалланган китоблар, истироҳат боғидаги аттракционларга бепул чипталар билан таъминланди. Бундан ташқари пойтахтдаги 199-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактабга касаба уюшмаларининг қимматбаҳо совғаси - замонавий музлатгич ҳадя этилди.