17:20 / 02.06.2016
6717

Xiaomi 23 долларлик Mi Band 2 фитнес-билакузукни тақдим этди

Xiaomi компанияси ўзининг Mi Band фитнес-билакузугининг  OLED-дисплей билан таъминланган иккинчи версиясини намойиш қилди. Бу ҳақида TechCrunch хабар берди.

Паст баҳосига қарамай Mi Band 2 нафақат қадамларни санайди, балки соҳибининг пульсини ҳам ўлчайди. Бундан ташқари қурилмада илк маротаба OLED-дисплей пайдо бўлди.

Mi Band 2 билакузугининг нархи атиги 23 долларни ташкил қилади. Bluetooth 4.0 модули киритилган қурилма батареяси бир марта қувватлантирилганда, 20 суткагача етади. 

Mi Band 2'да биринчи маротаба Jawbone Up ва Apple Watch фойдаланувчилари орасида машҳур функция киритилди: агар билакузук эгаси узоқ вақт ҳаракатсиз ўтирса, қурилма вибрацияга келади.

Xiaomi компанияси берган хабарларга кўра, фитнес-трекерларнинг 20 миллиондан ортиқ нусхасини сотишга муваффақ бўлинган. Бу эса компаниянинг бу борада Fitbit'дан кейинги ўринни эгаллашини таъминлади. ОАВ ишлаб чиқарувчининг муваффақияти сирини унинг нарх сиёсатида деб ҳисоблайди: Mi Band билакузуклари одатда рақибларидан бир неча баробар арзон нарх белгилайди. 

Mi Band 2 фитнес-билакузуклари 7 июндан Хитойда сотувга чиқарилади. Бошқа мамлакатларга чиқарилиш муддати тўғрисида ҳозирча маълумот берилмади.

Top