21:33 / 05.06.2016
4605

Жокович Маррейни енгиб, илк марта «Ролан Гаррос» совринига эга бўлди

Дунёнинг биринчи рақамли ракеткаси, сербиялик 29 ёшли Новак Жокович «Ролан Гаррос» финалида англиялик Энди Маррейга қарши 4 сет давом этган баҳсда 3-6, 6-1, 6-2, 6-4 ҳисобларида ғалаба қозонди. У ўз фаолиятида илк марта грунт кортларда ўтказиладиган бу турнирда ғолиб бўлди. Шу вақтгача Жокович 3 марта Париждаги «Ролан Гаррос» финалида мағлубиятга учраганди.

Шунингдек, у энди Рафаэль Надаль, Рожер Федерер, Андре Агасси, Рой Эмерсон, Род Лэйвер, Дон Баджа ва Фред Перри қаторида «Катта Дубулға» туркумидаги барча 4та турнирда ғолиб бўла олган спортчига айланди.

Бундан ташқари, у «Катта Дубулға»да қаторасига 4 турнирда ғалаба қозонган учинчи теннисчи бўлди. Ундан олдин Баджа (1937-1938) ва Лэйвер (1962 ва 1969 йилларда) шундай натижани кўрсатганди.

Жокович учун «Ролан Гаррос» ғолиблиги «Катта Дубулға» туркумидаги 12-титул бўлди. У АТР турнирларида эса 65-ғалабасига эришди.

Top