11:03 / 06.06.2016
20252

Қозоғистон ғарбида террорчилик хавфининг «қизил даража»си эълон қилинди

Қозоғистон ғарбидаги Ақтўбе шаҳри ҳукумати террорчилик хавфининг «қизил» даражасини (энг юқори даража - таҳр.) эълон қилди.

«РИА Новости» хабарида қайд этилишича, аҳолига тегишли ахборотдан иборат SMS-билдиришномалар келмоқда.

Ўз навбатида Ақтўбе вилояти губернатори Бердибек Сапарбоев вазият назорат остидагилини билдириб, фуқароларни огоҳликка чақирган.

Маҳаллий телеканал орқали кишиларга кўчага чиқмаслик ва шаҳар бўйлаб ҳаракатланишдан тийилиш тавсия этилган.

Шунингдек, шаҳар ҳудудида интернет узилишлар билан ишламоқда.

5 июнь куни Ақтўбе шаҳрининг учта туманида отишма юз берди: номаълум шахслар «Паллада» ва "Пантера" номли иккита қурол дўкони ҳамда ҳарбий қисмга ҳужум қилди. Махсус операциялар чоғида 4 жиноятчи йўқ қилинди.

Шаҳарда аксилтеррор амалиёт тартиби жорий этилган. Амалиёт давомида гуруҳнинг қўлга олинган вакиллари сони 7 нафарни ташкил қилмоқда. Қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Қозоғистон республикаси Сенати раиси Қосим-Жўмард Токаев бу ҳужумларни теракт сифатида баҳолади.

Дастлабки маълумотларда, бу ҳужумни уюштирганлар радикал диний оқим аъзолари экани айтилган.

Қозоғистон ИИВ маълумотларига кўра, теракт натижасида 6 киши (3 нафар ҳарбий ва 3 нафар тинч аҳоли вакили) ҳалок бўлган.

Тўқнашувлар оқибатида бир неча ўн киши яраланиб, шифохонага ётқизилди. Шифохона вакили камида 20 дан ортиқ кишига тиббий ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.

Таъкидланишича, «қизил» даража бир нечта ҳолатларда эълон қилинади — содир бўлган теракт ҳақида ёки такрорий ҳужумлар тайёрланаётгани ҳақида маълумот бўлса.

Top