НАТО ҳарбийлари илк бор Финляндия қирғоғига туширилмоқда
НАТО қўшинлари бугун Baltops 2016 машғулотларининг денгиздаги босқичи доирасида тарихда илк марта Финляндия ҳудудига киради.
Уч кун давомида ҳарбийлар альянс аъзоси бўлмаган бу давлатнинг Ханко ярим оролидаги Сюндален полигонида десант туширилиши, шунингдек, жанговар ҳаракатларни машқ қилади. Бу ҳақда Yle телеканалида хабар қилинган.
Қирғоққа АҚШ пиёда қисмларининг ҳарбий техникалари, АҚШ денгиз пиёдалари қисмларининг 200 нафар аскари, британиялик 60 нафар аскар, германиялик 50 нафар аскар ҳамда италиялик разведкачилар бўлинмаси туширилади.
Операцияда АҚШнинг USS Carter Hall десант кемаси ва Буюк Британиянинг HMS Queen номли йирик кемаси ҳам иштирок этади.
Baltops Балтика денгизидаги ҳар йили ўтказиладиган йирик ҳарбий машғулотлар бўлиб, бу сафарги машғулотлар 3-19 июнь кунлари давомида бўлиб ўтади. 44-бор ўтказилаётган машғулотларда Финляндия йигирма йилдан бери иштирок этиб келади, бироқ бу йилги машғулотлар илк марта финларнинг ҳудудида ўтказилмоқда.
Финляндиядаги манёврлардан кейин машқлар тўрт кунга НАТО аъзоси бўлмаган бошқа бир давлат Швециянинг Стокгольм архипелагидаги Уто оролига кўчади.
Илк бор олис шимолда ташкил қилинган Baltops машғулотларига НАТОдаги иттифоқчилар ва ҳамкор 18 давлатдан 4500 нафар ҳарбий, 50 кема ва 60 самолёт жалб этилган.
Машғулотлардан мақсад - турли амалиётларда ўзаро келишиб ҳаракат қилиш кўникмасига эга бўлиш. Машғулотлар денгиз, ҳаво ва қуруқликдаги ҳаракатларни ўз ичига олади.