Жамият | 17:44 / 07.06.2016
15452
3 дақиқада ўқилади

Раъно Шодиева рус тилида ёзган илмий ишини аъло баҳога ҳимоя қилди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиева Ўзбекистон Давлат Санъат ва Маданият институтининг магистрлик бўлимида таҳсил олиб, “Қўғирчоқ театрининг имконияти чекланган болаларни тарбиялашда тутган ўрни” мавзусида илмий иш ёқлади.

Бугун актриса рус тилида ёзган илмий ишини аъло баҳога ҳимоя қилган. 

“Елкасидан тоғ ағдарилган” актриса биз билан кўтаринки кайфиятда гаплашиб, таассуротларини шундай ифодалади:

Раъно Шодиева: Илмий ишимни ҳимоя қилишга киришарканман, аввалига мени бироз ҳаяжон босди. Минбарга чиққанимдан сўнг, илмий ишимни ўзим ёзиб, яхши тайёрланганим, нима ҳақида гапирмоқчи бўлганимни аввалдан билганим учун, бир зумда ўзимни қўлга олиб ҳимояга киришдим. Ҳимоя вақтида мен қўғирчоқ театрида имконияти чекланган болалар учун мўлжалланган спектакллар тақдим этилишини, қўғирчоқ театри талабалари томонидан сурдо тили (имо-ишора) ва имконияти чекланган болалар психологияси ўрганилиши кераклигини таклиф сифатида киритдим.

Ўйлайманки, агар имконияти чекланган болалар учун махсус спектакллар қўйилса, уларда ҳам келажакда қайсидир соҳани танлашга умид пайдо бўлади. Спектаклдан илҳомланган имконияти чекланган болалар рассом, журналист ёки бошқа соҳани эгаллашга қизиқа бошлаши мумкин. Бу борадаги ишлар нафақат пойтахт, балки Ўзбекистондаги барча вилоятлар бўйича амалда татбиқ этилиши кераклиги ҳақида таклифлар бўлди. 

Айтишим мумкинки, факультетимизда фақат мен ҳимоя қилган илмий иш аъло баҳога лойқ топилди. Ўқитувчиларимнинг “Биз сенга ишонгандик, раҳмат ишончимизни оқлаганинг учун” деган далдаларидан бошим кўкка етди.

Аслида қайсидир мавзуни танлаб, уни ҳимоя қилишга бўлган истак менда хўжайинимнинг турткиси орқали пайдо бўлди. Турмуш ўртоғим ушбу фикрни ўртага ташлаганида биринчи бўлиб хаёлимга келган фикр-қўғирчоқ театрининг имконияти чекланган болаларни тарбиялашдаги тутган ўрни ҳақида илмий иш қилиш кераклиги бўлди. 

Ҳимоядан сўнг, турмуш ўртоғим мени гуллар билан кутиб олди. Айтган бўлардимки, агар оиламда тинчлик бўлмаганида, турмуш ўртоғим қўллаб-қувватламаганида мен бугунги муваффақиятга эришмаган бўлардим. Бунинг учун унга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.