22:04 / 08.06.2016
9972

Олтинкўл иқтисодиёт коллежида футбол турнири якунланди

Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги иқтисодиёт касб-ҳунар коллежига чоршанба куни машғулотлар тугаганидан сўнг келсангиз, ўқитувчи, талабаларни спорт зали  ёки футбол майдонидан топасиз. Чунки, муассасада ҳафтанинг ҳар чоршанбасида “Спорт куни” куни ўтказилади.  Таълим даргоҳида ёш авлодга соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. 

Мана бир ҳафтадан буён муассасанинг 1 ва 2 курслари ўртасида футбол бўйича  коллеж чемпионати ўтказилмоқда. Биз “Ҳуқуқшунос” ва “Ҳисобчи” жамоалари ўртасида ўтказилган ғоят қизиқарли финал ўйинини томоша қилдик. Тўғриси, оддийгина коллеж ўқувчиларининг тўпни уста футболчилардек олиб юриши, улар томонидан қилинаётган финтлар ва кучли зарбалар юртимиз келажаги бўлган ёш авлод орасида кўплаб иқтидор эгалари етишиб чиқаётганидан дарак. Финал баҳсида ҳуқуқшунослик йўналишида таълим олаётган ўқувчилар жамоаси ғолиб бўлди. 

Тақдирлаш маросимида сўз олган коллеж директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенатори, Ўзбекистон қаҳрамони Шукуржон Маматқулов ғолибларни қутлаб, уларга фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Бегали Азимов ҳам ғолиб жамоага спорт анжомлари совға қилди. 

Коллежимизда спортнинг барча турларига катта эътибор қаратилади,- дейди коллеж жисмоний тарбия раҳбари Обиджон Мирзараҳимов. Бунинг самараси ўлароқ спортчи ўқувчиларимиз туман, вилоят ва республика миқиёсидаги мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Эртадан 3 ва 4 курс ўқувчилари ўртасида футбол мусобақалари бошлашни режалаштириб турибмиз.

 

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон

Top