10:02 / 09.06.2016
6234

Қозоғистон ИИВ: Ақтўбенинг 6 нафар террорчисини қидириш давом этмоқда

Қозоғистон полицияси ва махсус хизматлари, мамлакат ғарбида жойлашган Ақтўбе шаҳридаги қурол дўконлари ва Миллий гвардия ҳарбий қисмига ҳужум қилган террорчиларнинг 6 нафарини қидириш ишларини давом эттирмоқда. Бу ҳақда республика ички ишлар вазирлиги расмий вакили Алмас Садубаев маълум қилган. 

Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни бир гуруҳ жиноятчилар Ақтўбе шаҳрида қуролли ҳужумни амалга оширишган эди. Бунинг оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, улардан 3 нафари ҳарбий хизматчилардир. Мамлакат соғлиқни сақлаш ва ижтимоий тараққиёт вазирлиги маълумотларига кўра, 38 киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохоналарга олиб келинган. ИИВ хабарларига биноан, аксилтеррор амалиёт чоғида 13 нафар жиноятчи ўлдирилган, 4 нафари яраланган, яна 6 киши қидирилмоқда. 

Айни вақтда, Ақтўбе вилоятида аксилтеррор амалиёт тартиби жорий қилинган. Мамлакат хавфсизлик қўмитаси томонидан "сариқ даража"ли фавқулодда ҳолатга 40 кун амал қилинади.  

Бугун, 9 июнь куни қўпорувчилик қурбонлари хотирасига умуммиллий мотам куни деб эълон қилинган. 

Республика байроқлари туширилган, кўнгилочар томоша ва анжуманлар бекор қилинган. Шу мазмундаги телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар тўхтатилган.

Top