УЕФА президенти муқобилсиз асосда танланиши мумкин
Испаниялик Анхель Мария Вильяр Европа футболи раҳбари лавозимига асосий даъвогар ҳисобланмоқда.
УЕФАнинг янги президенти 14 сентябрда ташкилотнинг Афинадаги навбатдан ташқари конгрессида сайланади. 20 июлгача француз Мишел Платини ўриндошлари сайловда иштирок этиш учун ариза топширишлари керак. Бироқ "Известия" ахборотига кўра, Европа футболининг янги раҳбари сайловлари муқобилсиз асосда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда УЕФАдаги манба маълум қилди.
"Миландаги Чемпионлар Лигаси финалидан бир кун аввал Европа ва жаҳон футболининг амалдаги бош шахслари учрашдилар. Норасмий йиғилишда кўплаб миллий федерациялар раҳбарлари, УЕФАнинг ҳозирги раҳбарлари ва ФИФА президенти Жанни Инфантино иштирок этдилар. Учрашув натижаларига кўра, УЕФА президенти сайловларига ягона номзод қўйилиши фикри билдирилди. Йиғилганларнинг фикрича, бу Европа футболида парокандалик йўқлиги ва ташкилот Платинининг шов-шувли четлатилишидан кейин юзага келган вазиятни ажойиб тарзда эплай олганини кўрсатади. Бу номзод Испания футбол федерацияси президенти ҳозирда УЕФА президенти мажбуриятларини бажараётган Анхель Мария Вильяр бўлади.
Муқобилсиз сайловларга Нидерландия қироллик футбол иттифоқи раҳбари Михаэль ван Праг халақит қилиши мумкин. Голландиялик мутахассис ягона номзод ғоясини қўллаб-қувватламаяпти ва ўз номзодига ариза топшириши мумкин. Амстердамнинг "Аякс" клубининг собиқ раҳбари бенуқсон номга эга. Бироқ вазиятнинг бундай тус олиши даргумон", деб айтмоқда манба.