«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Euronews телеканали билан музокаралар ўтказди
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси Euronews телеканали вакили билан учрашув ўтказди.
Учрашувдан кўзланган мақсад, ўзаро фойдали ҳамкорлик истиқболлари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК савдо белгиси ва хизматларини Европа бозорида реклама ҳамда бошқа қўшма лойиҳалар ёрдамида тарғиб қилиш масалаларини муҳокама этишдан иборат бўлган.
Маълумки, Euronews ахборот агентлиги Европанинг йирик янгиликлар агентлигидан бири бўлиб, 13 тилда эфирга чиқади.
Euronews ААнинг тижорат департаменти менежери Анна Мерцалованинг айтишича, айни вақтда телеканал "Ўзбектуризм" миллий компанияси билан яқин ҳамкорлик қилиб келади. Телеканалда, сайёҳлар эътиборини Ўзбекистонга жалб этиш учун турли мавзуларда лавҳалар тайёрланиб, эфирга узатиб келинмоқда.
У, шунингдек, Uzbekistan Airways савдо белгисининг ахборот агентлиги сайтида кенг тарғиб қилиш каби турли ташвиқот йўлларини санаб ўтган.