20:43 / 13.06.2016
6011

Франциялик ишбилармонлар Иссиқкўлда чанғи базасини қуришмоқчи

Франциялик ишбилармонлар Иссиқкўл вилоятида чанғи базасини қуришмоқчи. Бу ҳақида Вазирлар маҳкамасининг мухтор ваколатхонасидан хабар беришди. 

 Олинган маълумотларга кўра, куни кеча Иссиқкўл вилояти мухтор вакили Асхат Акибоев БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) бош котиби Толиб Рифоий билан учрашди. Учрашувда Иссиқкўл ҳудудида сайёҳликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. 

 "Охирги йилларда биз Иссиқкўлда дам олишни истовчилар ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ташриф буюрувчилар сонининг ўсишини кузатмоқдамиз. Бундан ташқари кўплаб мамлакатлар фуқаролари Қирғизистонга сайёҳ сифатида ташриф буюришга қизиқиб қолишган. Ҳиндистон, Туркия, Хитой, Корея бу ерда дам олиш ва соғломлаштириш масканларини қуриш истагини билдиришган, Франция эса Иссиқкўлда тоғ чанғиси курортини барпо этмоқчи. Қирғизистонга сайёҳларнинг асосий оқими Россия ва Қозоғистондан ташриф буюрмоқда, шу сабабли бу йил Россия минтақалари билан тўғридан-тўғри авиахабар очилди, автобус йўналишлари йўлга қўйилди. Шунингдек, Тюп (Қирғизистон) - Кеген (Қозоғистон) трассасининг реконструкцияси режалаштирилмоқда", - деди Асхат Акибоев. 

 Ўз навбатида Толиб Рифоий амалга оширилган ишлардан катта таассурот олгани ҳамда ажойиб табиати, географик жойлашуви ва тарихий меросини ҳисобга олганда Қирғизистон сайёҳлик саноатини ривожлантириш учун сезиларли истиқболларни кўраётганини таъкидлади. 

Шунингдек, олдинда қилиниши керак бўлган ишларни ҳам айтиб ўтди - сайёҳлик тизими юқори даражада йўлга қўйилиши учун шунга мувофиқ инфратузилма бўлиши керак, яъни йўллар ва авиапарвозлар билан боғлиқ масалалар ҳал қилиниши кераклиги таъкидланди. 

"Қирғизистонга келган сайёҳлар пойтахтдан дам олиш масканигача бўлган масофани босиб ўтишга кўп вақт кетказади. Бундан ташқари замонавий аэропортлар ва йўллар қурилиши лозим. Шу каби муаммолар бартараф этилса, Қирғизистон республикасига халқаро даражага чиқиш имконини беради", - деди Толиб Рифоий.

Top