Жаҳон | 15:39 / 13.06.2016
3988
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Меркель муҳожирлар масаласида Эрдўғанга ён босмоқчи

Германия канцлери Ангела Меркель Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғаннинг ЕИ талабларини тўлиқ бажаришни рад этганига қарамай, Туркияга ён босиб, унга визасиз борди-келдини тақдим этмоқчи. The Telegraph газетаси, Буюк Британиянинг Германиядаги элчиси Себастьян Вуднинг дипломатик хабарларига таянган ҳолда шу ҳақда ёзмоқда. 

Нашр ихтиёрига келиб тушган хабарларда айтилишича, Германия канцлери Туркия аксилтеррор қонунчилиги борасида келишишга уринмоқда. Унинг қатъийлаштирилиши Туркия фуқаролари учун Европага визасиз кириб-чиқиш тартибини жорий қилиш талабларидан бири эди. 

Дипломатнинг таъкидлашича, Германия Туркияни октябрь ойигача "ушлаб" туриш мумкин деб ўйлайди. 

Унинг сўзларига кўра, агар Туркияга визасиз  тартиб жорий қилинмас экан, «сабрсиз ва серзарда Эрдўған», ўзига «хиёнат қилинган» деб ҳисоблаб, муҳожирлар учун Европа "дарвоза"сини очиб юбориши мумкин. 
Аввалроқ Ангела Меркель ЕИ ва Туркия ўртасида муҳожирлик келишувининг ҳаётга татбиқ этилишига ишонч билдирган эди.