13:15 / 16.06.2016
15316

Энг яхши ва энг ёмон оталар яшайдиган мамлакатлар номи аниқланди

Буюк Британиянинг Оталик институти олимлари 15та мамлакатда болаларни парваришлаш, уйни тозалаш ва таом тайёрлаш бўйича мажбуриятлар қандай тақсимланиши бўйича тадқиқот ўтказишди. Натижада, фарзанд билан ўтказилган вақт кўрсаткичи бўйича энг ёмон оталар британияликлар бўлиб чиқди, деб хабар қилади РИА «Новости».

Тадқиқотчилар томонидан чоп этилган ҳисоботда қайд этилишича, Буюк Британияда оналар болалари учун ажратган 1 соатга оталарнинг 24 дақиқаси тўғри келади. 

Энг яхши оталар эса Португалияда яшаши аниқланди: португалларда бу нисбат 1 соатга 39 дақиқа.

Шунингдек, фарзандларига ота-она бир хил даражада эътибор кўрсатувчи етакчи мамлакатлар қаторидан Швеция, Франция, Италия ва Янги Зеландия жой олди, деб ёзилган ҳисоботда. 

Бироқ олимларнинг таъкидлашича, британиялик эркаклар аёлларига хўжалик ишларида кўпроқ кўмак беришади. Шундай қилиб, улар худди шу мақсадда аёллар томонидан сарфланган ҳар соатга нисбатан 34 дақиқани уйни тартибга келтириш ва егуликлар тайёрлашга сарфлашади. Бу кўрсаткич бўйича биринчи ўринни данияликлар қайд этди — 44 дақиқа. 

Бундан ташқари, маълум бўлишича, Буюк Британия эркак ва аёл маошларининг фарқи бўйича ҳам сўнгги ўринлардан бирини олди. Аёллар бу ерда ўртача ҳисобда 17,4 фоиз камроқ маош олади. Бу борада энг кам фарқ бўлган кўрсаткич Янги Зеландияда қайд этилди. Унга кўра, аёллар эркакларга нисбатан 5,6 фоизгагина камроқ ҳақ олишади.

Top