16:30 / 18.06.2016
3527

Анонс. Бельгия ва Ирландия

Бугун, 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 18:00да Бордо шаҳридаги "Матмют Атлантик" ўйингоҳида Бельгия ва Ирландия учрашуви бўлиб ўтади.

Биринчи турда Италиядан қабул қилиб олинган мағлубиятдан кейин турнирнинг "сирли тойчоғи" мақомидаги Бельгия терма жамоаси бугун Ирландияга қарши муҳим учрашувда майдонга тушади. "Ўлим гуруҳи" дея қайд этилган бу гуруҳда Италия 2-турда Швецияни мағлуб этди ва кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Бугунги тўқнашувда бельгияликларга ҳам ирландларга ҳам ғалаба сув ва ҳаводек зарур.

Бельгия терма жамоаси Франциядаги турнир бошланишидан олдин ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири сифатида қаралаётганди. Марк Вильмотс қўли остида кучли футболчилар жамланган бўлсада, жамоа ёрқин ўйин кўрсата олмади.

Мартин О'Нил бошчилигидаги ирландларда ҳозир фақат 1 очко бор ва уларга ҳам бугун очко зарур.

Жамоалар охирги марта деярли 30 йил олдин учрашишган. Ўшанда, 1988 йилги ЖЧ учун саралаш босқичи доирасидаги 2 учрашувда ҳам дуранг билан якунланган, турнирга ирландлар йўл олганди. Жамоаларнинг жами 14 учрашувида томонлар 5 мартадан ғалаба қозонган, 4 учрашувда дуранг қайд этилган.

Бугун Бельгия таркибида жамоа етакчиси Кевин де Брюйне жароҳат туфайли ўйнай олмаслиги мумкин. Ирландлар сафида эса Жонатан Уолтерс жароҳатланган.

Учрашувни Жунайт Чақир бошчилигидаги ҳакамлар бошқариб боришади.

Тахминий таркиблар:
Бельгия: Куртуа – Вертонген, Вермален, Альдервейрельд, Жордан Лукаку – Витсель, Мертенс – Азар, Феллайни, Феррейра-Карраско – Ромелу Лукаку
Ирландия: Рандольф – Брэйди, Кларк, О’Ши, Коулмэн – Хендрик, Уилан, Макгиди, Ҳулаҳан – Макклин, Лонг

Марк Вильмотс, Бельгия терма жамоаси бош мураббийи:
"Бизнинг футболчилар катта жамоаларда тўп суришади ва босимни енгиб ўта олишади. Мен ҳамиша уларга футбол нима эканини ўргатиб келаман. Биз ҳали йўқ бўлганимиз йўқ. Биз қўлимиздан нима келса, шуни қиламиз".

Мартин О’Нил, Ирландия терма жамоаси бош мураббийи:
"Европа чемпионатига келган бошқа терма жамоаларда бўлгани каби, бельгияликлар таркибида ҳам кўплаб кучли футболчилар бор. Бизни қийин ўйин кутмоқда. Биз бу ўйинни сабрсизлик билан кутмоқдамиз. Биз шведларга қарши зўр ўйнадик, ҳатто ғалабага яқин келгандик ҳам. Аммо бу ўйинда очко йўқотдик. Ҳозир бизда Швецияга қарши ўйиндаги хатоларни тузатиш имкони бор. Биз бельгияликларга қарши жанг ўтказамиз".

Манба: Tribuna.UZ

Top