09:00 / 19.06.2016
5423

ОАВ: АҚШ ва НАТО Афғонистон армиясига 15 млрд доллар ажратмоқчи

АҚШ ва НАТОнинг қолган давлатлари яқин тўрт йил ичида Афғонистон армияси ва полициясини таъминлаш учун 15 млрд доллар ажратмоқчи. Бу ҳақда 18 июнда ўз сайтида Washington Post газетаси маълум қилди ҳамда бу масала бўйича қарор қабул қилиниши НАТОнинг июлдаги Варшавадаги саммитида кутилаётганини қўшимча қилди.

"АҚШ ва унинг иттифоқдошлари афғон хавфсизлик кучларини молиялаш учун 2020 йил охиригача 15 млрд доллар йиғишга ҳаракат қилиб кўришади", деб нашрга айтдилар америкалик расмий шахслар. Уларнинг айтишича, "умумий қийматдан 10,5 млрд долларни АҚШ ажратиши керак".

Айни вақтда афғон армияси ва хавфсизлик кучларининг сони 300 минг кишидан кўпроқни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда НАТО давлатларининг 12 минг ҳарбийси жойлашган, улардан 10 мингга яқини америкалик ҳарбийлардир. Бу кучларга қўмондонлик қилувчи генерал-лейтенант Жон Николсон ҳозирда АҚШ мудофаа вазири ва президентига Афғонистонда яқин йилларда бу кучларни қандай миқдорда қолдириш масаласи бўйича тавсиялар тайёрлашни якунламоқда.

Top