14:22 / 20.06.2016
24441

Миллий университетга ўқишга қабул кўтаринки руҳда бошланди

Юртимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олиш ҳар бир иқтидорли йигит-қизнинг бетимсол орзусидир.

Ана шу орзуга эришиш учун ёш иқтидор соҳиблари коллеж ва лицейларда қунт билан билим олишга интилганлар. Улар университет остонасига қадам қўйиш учун бугунги кунни қанчалик интиқлик билан кутганларини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 май куни қабул қилинган “2016/2017 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги Қарорига биноан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига шу йил 20 июнь куни ўқишга қабул кўтаринки руҳда бошланди.

ЎзМУга жаҳондаги ривожланган давлатларнинг етук таълим муассасалари ўқув жараёнларини қиёсий таҳлил қилган ҳолда ҳамда замонавий илм-фан ютуқлари ва илғор педагогик технологиялар асосида яратилган янги авлод ўқув режа ва дастурлари асосида қабул кўрсаткичларининг 2016-2017 ўқув йилида бакалаврлар таълим йўналишлари ва ўқитиш тиллари бўйича жами 1324 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган. Яъни, Она тили ва адабиёти (рус тили ва адабиёти ўзга тилли гуруҳларда) 25, Хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили 50, Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими 20, Филология ва тилларни ўқитиш бўйича: инглиз тили 80, немис тили 20, француз тили 14, рус тили 20, Тарих (мамлакатлар ва минтақалар бўйича) 60, Археология, 25, Фалсафа 25, Математика 60, Амалий математика ва информатика 50, Биология (турлари бўйича) 70, Физика 80, Механика 25, Астрономия 20, Кимё 70, География 40, Гидрометеорология 20, Геология 50, Геофизика 25, Тупроқшунослик 20, Гидрология (тармоқлар бўйича) 25, Социология 20, Психология (фаолият турлари бўйича) 40, Журналистика (фаолият турлари бўйича) 70, Архившунослик 20, Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар бўйича) 25, Кадрлар менежменти 25, Геодезия, картография ва кадастр (функциялари бўйича) 60, Ахборот тизимларининг математик ва дастурий таъминоти 40, Информатика ва ахборот технологиялари (тармоқлар ва соҳалар бўйича) 40, Ахборот хавфсизлиги (соҳалар бўйича) 20, Ижтимоий иш (фаолиятнинг турли соҳалари бўйича) 25, Ижтимоий иш (пенсия таъминоти) 25, Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (тармоқлар ва соҳалар бўйича) 20 нафар талаба қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 11 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Миллий университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида олий таълим ривожининг жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш даражаси ва сифатини тубдан ошириш, Миллий университетнинг илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий алоқасини кучайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни фундаментал ва амалий тадқиқотлар ўтказишга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур қарорга асосан, янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Миллий университети таркибида 10 та: Биология, География ва геология, Журналистика, Ижтимоий фанлар, Иқтисодиёт, Кимё, Математика, Тарих, Физика, Хорижий филология факультетлари, 72 та кафедра ўз фаолиятларини давом эттиради. Уларда 37 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 63 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади. Ёш тадқиқотчилар замон талабларига мос бўлган 25 та илмий лабораторияларда илмий изланишлар олиб борадилар.

Айтиш жоизки, Миллий университетда абитуриентларни қабул қилишга пухта ҳозирлик кўрилди. Ҳужжат топширувчилар учун зарур шарт-шароитлар муҳайё этилган.

Қабул квотаси бўйича қабул қилинадиган йўналишлар номи, талабалар сони ва бошқа маълумотлар, факультетлар ҳаётини акс эттирувчи стендлар чиқарилди.

Мамлакатимизда карвонбоши университет дея эътироф этилган ЎзМУнинг фаолияти кенг ёритилган видеоролик барча абитуриентлар эътиборига ҳавола этиб борилмоқда.

“Ўзбекистон Миллий университети” газетасининг абитуриентлар учун махсус сони чоп этилди.

20 июнь куни эрта тонгдан бу даргоҳга илмга чанқоқ йигит-қизлар умид билан кела бошладилар.

Дастлабки ҳужжат Хорижий филология факультетининг инглиз тили йўналишига бўлди.

– Мен келгусида мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган халқаро ташкилотларда ишлашни орзу қиламан,– дейди абитуриент Ҳожияхон Мақсудхўжаева.– Бунинг учун инглиз тилини пухта ўрганиш ниятида шу факультетни танладим. Бугун ЎзМУ ҳаётини акс эттираётган роликни қизиқиш билан кузатдим. Бу даргоҳда Тил маркази фаолият кўрсатиши қизиқишларимни янада орттирди. Талаба бўлиш насиб этса, фақат “аъло” баҳоларга ўқийман!

Ижтимоий фанлар факультети Фалсафа йўналиши рус гуруҳига ҳужжат топширган Ҳусейн Қулиев дил сўзларини шундай ифода этди:

– Миллатим озарбайжон. Ўзбек ва рус тилларини бирдек биламан. Фалсафа илмини эса рус тилида пухта ўрганиш мақсадида шу факультетда ўқишни орзу қилганман. Бу даргоҳда абитуриентлар учун яратилган шароитларни кўриб кўнглим тоғдек кўтарилди. Ҳаётда фалсафий шиорим – фақат олға интилиш! Миллий университетдек улуғ даргоҳ талабаси бўлиш энг катта орзуимдир.

Улуғ даргоҳ – Миллий университетга умид билан келаётган йигит-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Умид билан суқулган таёқ, бир кун берар мева-ю япроқ, деган сатрлар замирида улкан маъно

мужассам. Шундай экан, илму маърифат йўлида интилаётган барча иқтидор соҳибларига фақат омад тилаб қоламиз.

 

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари

Top