Ўзбекистон | 15:51 / 20.06.2016
21232
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳукумати уй-жой фондини хусусийлаштириш тартибига тузатиш киритди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тартибига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шу ҳақдаги ҳужжат матни lex.uz сайтида эълон қилинган. 

Ҳужжатда, Ўзбекистон Республикаси давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришга оид янги қоидалар, давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун бузилаётган уй, хонадон ёки уларнинг бир қисми учун берилаётган давлат уй-жой фондидан берилаётган кўчмас мулкка нисбатан жорий этилмаслиги қайд этиб қўйилган. 

Бундан ташқари, жойлардаги давлат органлари, корхона, идора ва ташкилотларга тегишли хусусийлаштирилаётган уй-жой фондини рўйхатдан ўтказиш тартибига ойдинлик киритилган. Фуқаро, хусусийлаштириш қарори чиққанидан 5 иш куни мобайнида, Давлат рақобат қўмитасининг ҳудудий органи (Тошкент шаҳрида – «Тошкент шаҳри уй-жойлари ҳақида маълумотлар ва давлат ордерлари бериш Маркази»)га талаб қилинган ҳужжатлар тўпламини топширади. 

Масъул идора эса, ушбу ҳужжатлар асосида, 15 иш куни ичида давлат ордерини рўйхатдан ўтказиб, уни ариза эгасига беради.  

Ордер бериш ва уни рўйхатдан ўтказиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида давлат божи ундирилади. Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган ордер ўрнига энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари эвазига нусхаси берилади. 

Шу билан бирга, хусусийлаштирилган уй ёки хонадон соҳибини, мазкур мол-мулкка эгалик ҳуқуқидан маҳрум этиш ёхуд янги шахсга қайта расмийлаштириш учун, мазкур кўчмас мулкни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар ҳақида маълумотнома ҳам тақдим этиш лозим бўлади. Уни масъул давлат органи энг кам ойлик иш ҳақининг ярим баравари миқдоридаги тўлов эвазига тақдим этади.