19:33 / 21.06.2016
7469

Microsoft тажрибаси орқали энг тежамкор браузер номи аниқланди

Ноутбук фойдаланувчиларига аккумуляторининг қуввати браузерларда қанча тезликда сарф қилиниши қизиқ бўлса керак. Microsoft дастурчилари ҳам бу масалага ойдинлик киритишга қарор қилишди. Тажриба мақсадида тўртта бир хил Surface Book ноутбукларида Wi-Fi орқали юқори тезликдаги бир хил оқимли, бироқ турли браузерлардан видео қўйилди. Синов учун эса энг яхши дастурлар танланди: Mozilla Firefox, Google Chrome, Opera ва албатта, Microsoft Edge.

Ноутбукдаги энг ёмон натижа Chrome браузерида қайд этилди. Унинг қуввати 4 соату 20 дақиқага етди. Firefox ўрнатилган компьютер эса Chrome'дагига нисбатан 50 дақиқа кўпроқ ишлади. Opera'да ишлаётган ноутбук аккумуляторининг қуввати 6 соату 18 дақиқага чидаб берди. Браузерлар орасида батареяни тежаб ишлатиш бўйича тажриба ғолиби 7 соату 22 дақиқа натижа билан Microsoft Edge бўлди. Шундай қилиб,  Edge браузери  Chrome'дан 70 фоиз самаралироқ, Firefox'дан 43 фоиз яхшироқ  ва Opera'дан 17 фоиз тежамлироқ ишлади.

Видео томоша қилиш, ишга тушган ойналар юкланиши, очиқ сайтларнинг автоматик иш тартиби бўйича лаборатория шароитларида яна шунга ўхшаш тест ўтказилди. Натижалар аввалгига нисбатан ўхшаш бўлди: Microsoft Edge  бошқа браузерларга нисбатан  аккумуляторни анча тежаши аниқланди.

Top