17:28 / 22.06.2016
10190

Андижонда “Яшил майдон маликалари” футбол турнири ғолиблари аниқланди

Андижон шаҳридаги Шўрбулоқ футболга ихтисослашган мактаб-интернати стадионида “Соғлом она ва бола йили” муносабати билан ўқувчи қизлар ўртасида ўтказилган “Яшил майдон маликалари” мусобақаси якунига етди.

Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларининг 14 жамоаси иштирок этган турнир қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Финал босқичига етиб келган Хўжаобод ва Улуғнор қизлари ўртасидаги учрашув тўлиқлигича чўл тумани қизлари устунлигида ўтди. Улуғнорлик қизлар 3:0 ҳисобида рақиблари устидан ғалаба қозониб, биринчи ўринни қўлга киритдилар. Шундай қилиб, иккинчи ўрин ўз-ўзидан хўжаободлик қизларга, учинчи ўрин эса Жалақудуқлик дугоналарини енгган Асака жамоасига насиб қилди.

Турнирнинг тантанали тақдирлаш маросимида сўз олган Андижон вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова жамоаларни турнирдаги ажойиб иштироқ билан табриклади. Ғолиб ва совриндор жамоаларга мусобақани ташкил этишда ташаббус кўрсатган вилоят футбол федерацияси, “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамғармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан тайёрланган эсталик совғалари топширилди.

- Бугун якунига етган мусобақа вилоятимизнинг барча туманларида қизлар футболига катта эътибор берилаётганини кўрсатди,-дейди вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти Алишер Узоқов. Турнир давомида вилоят терма жамоаси учун бир нечта номзод футболчи қизларимизни ҳам саралаб олдик. Ёз мавсумида ўқувчилар ўртасида кўплаб мана шундай турнирлар ўтказишни режалаштирганмиз.

 

Матн ва суратлар муаллифи - Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон

Top