19:27 / 22.06.2016
9018

Кремль: ШҲТ саммити якунида 10дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилмоқда

23-24 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити якунида 10дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков ТАСС мухбирига маълумот берган.

"11та ҳужжат имзолаш учун тахт қилиб қўйилди", деган Кремль вакили.

Унинг сўзларига кўра, саммитда ШҲТ фаолиятидаги кейинги аниқ қадамлар қандай бўлиши ва бирламчи йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилади. Бирламчи йўналишлар сирасига хавфсизлик, терроризмга қарши кураш, иқтисодиёт ва гуманитар алоқалар масалалари киради.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари халқаро майдон ва минтақадаги долзарб муаммолар бўйича фикрлар алмашишлари кўзда тутилган.

Муҳокама қилиниши режалаштирилган мавзулар қаторида савдо-иқтисодий масалаларда ҳамкорлик қилиш мавзуси ҳам бор.

Ушаков Тошкентдаги саммит ШҲТ ташкил топганининг 15 йиллигига тўғри келаётганини эслатиб ўтган. Ўзбекистон пойтахтига йиғиладиган давлат раҳбарлари 2016-2020 йилларда ташкилотнинг ҳаракат режасини муҳокама этишади ва Тошкент декларациясини қабул қилишади.

Маросимлар тор доираларда ва кенгайтирилган таркибларда ўтказилиб, якунда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номидан расмий қабул ўтказилади.

Ушаков ташкилотнинг навбатдаги саммити 2017 йилнинг ёзида Қозоғистонда ўтказилишини қўшимча қилган.

Top