12:46 / 22.06.2016
4191

WSJ: Янги iPhone дизайни аввалгисидан тубдан фарқ қилмайди

Американинг Apple компанияси ишлаб чиқарган янги смартфон дизайни аввалги iPhone 6 дизайнидан тубдан фарқ қилмайди. Бу ҳақида WSJ хабар берди. 

Манбага кўра, "Apple ўзининг асосий iPhone'и дизайнини ҳар икки йилда қайта ишлаб чиқиш принципидан воз кечишни режалаштирмоқда. У шу йилнинг кузида чиқадиган моделга бироз ўзгартириш киритади, холос". 

Нашрнинг маълум қилишича, янги қурилма икки хил вариантда тақдим этилади: дисплей диагонали 4,7 дюйм ва 5,5 дюйм бўлган смартфонлар.

Бу йилги янги қурилмада энг сезиларли ўзгариш қулоқчинлар учун улагичлардан воз кечиш бўлиши кутилмоқда, бу телефонни янада ингичка қилишга ва сувга бардошлиликни яхшилашга имкон беради. Қулоқчинлар қурилмани зарядлаш учун ажратилган манбага уланади. 

"Apple 2017 йилга бориб ўз дизайнида жиддий ўзгариш қилишни режалаштирмоқда", - дейилади мақолада.

Жумладан, янги қурилмаларни органик светодиодли (OLED) дисплей билан таъминлаш ва асосий менюга қайтарадиган тугмадан воз кечиш. Унинг ўрнига экранга ўрнатилган бармоқ изларини таний олувчи датчикдан фойдаланиш мумкин бўлади. 

Компаниянинг расмий вакиллари WSJ мақоласига изоҳ беришдан бош тортишди. 

Жорий йилнинг апрель ойида Apple компания илк маротаба iPhone сотуви кўрсаткичининг пасайганини қайд этганлигидан далолат берувчи баёнотларни тақдим этди. Мазкур кўрсаткич тахминан саккиз йил давомида - бу қурилмаларнинг бозорда пайдо бўлган пайтидан бошлаб тўхтовсиз ўсиб келган. Корпорация вакиллари бу йил сотув кўрсаткичи пасайишини тан олишган.

Top